«Мен шунчаки ‘Ўзбеккинo’ томонидан берилган совғанинг суратини интернетга жойлаб, миннатдорчилик билдирган  эдим, одамлар эса мени нотўғри тушуниб, ҳамма ерга тарқатиб юборди», — дейди режиссёр Шокир Ҳолиқов. Бу ҳақда Repost хабар берди.

Фото: Facebook / Шокир Холиқов

Аввалроқ 72-халқаро Канн фестивали Гран-присини қўлга киритган ўзбекистонлик ёш режиссёр Шокир Ҳолиқовга 6 июнь куни «Ўзбеккино» сервиз совға қилгани ҳақида хабар берган эдик. Бу ҳақда режиссёрнинг ўзи Facebook’даги саҳифасида эълон қилган. Бироқ ҳозирда ушбу пост ўчириб ташланган.

«Ушбу совғани менга ‘Панорамаъда фестиваль якунига бағишланган анжуманда беришди. Мен фестиваль бўлаётган пайт уйда эдим. Танловда қатнашишимни эса ҳеч ким билмас эди. Ишимни интернет орқали юбордим ва ғалабага эришдим. Энди эса ортиқча гап гапиргани ҳам қўрқиб қолдим. Чунки менинг миннатдорчилик билдириб қўйган постим гўёки шикоят тарзида интернетда тарқаган. Ҳамма мени нотўғри тушунди, энди эса буни ҳеч кимга уқтириб бўлмаяпти», — дейди Шокир Ҳолиқов.

Эслатиб ўтамиз, Канн фестивали доирасида Холиқов ўзининг «Чой» номли қисқа метражли фильмини тақдим этган. Тақдимот имконияти чекланган инсонларнинг долзарб муаммоларига жамоатчилик эътиборини тортишга қаратилган ENTRE 2 Мarches лойиҳаси доирасида ўтказилган.

16 дақиқа давом этадиган «Чой» фильми давомида инсонийлик, оқкўнгиллик ва қарияларга нисбатан раҳм-шафқат ҳақида сўз боради.