2016—2018 йилларда ўрта мактаблар ва ўрта-махсус таълим тизимидаги ўқув муассасалари ўқувчилари ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кўпайган, жиноятчилик эса камайган. Бу ҳақда «Minbar.uz» хабар беради.

Фото: «Minbar.uz»

Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, 2016 йилда ўрта мактабларда ҳар 10 минг ўқувчидан 0,31 таси, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда эса ҳар 10 минг ўқувчидан 1,53 таси ўз жонига қасд қилган. Бу кўрсаткич 2018 йилга келиб 0,37 ва 2,10 тагача ошган.

Фото: «Minbar.uz»

Жиноятчилик кўрсаткичлари эса камайган. 2016 йили ўрта мактабларда ҳар 10 минг ўқувчига 0,9 та жиноят тўғри келса, 2018 йилда бу кўрсаткич 0,7 тага тушган. Ўрта-махсус таълим муассасалари ўқувчилари ўртасидаги жиноятлар кўрсаткичи ҳам 2016 йилги 9,8 тадан 2018 йилга келиб 7 тага тушган.

2017 йили Президент Шавкат Мирзиёев аввалги 9+3 ўқув тизимидан 11 йиллик мактаб таълимига ўтишни таклиф қилган эди. Шу таклифнинг афзалликлари ҳақида гапирилганда, 11 йиллик таълимда ўқувчилар ўз ота-оналари назоратида бўлиши, бу эса ўқувчилар содир этадиган турли қилмишларнинг олдини олиши айтилган.

Фото: «Minbar.uz»

Янги 11 йиллик тизим бу борада қанчалик самара бериши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Мактабларда 10—11-синфлар ҳали тўлиқ шаклланмаган. Ўсмирликнинг ўтиш даврида ўқувчиларнинг катта қисми ҳали ўрта махсус таълим тизимида таҳсил олади. Ўз жонига қасд қилиш мактабларда ҳам, коллеж ва лицейларда ҳам кўпайган. Жиноятчилик эса ҳар иккисида пасайган.