Кеча, 3 июнь куни Қуролли Кучлар академиясида курсантлар ўртасида ўтказилган халқаро олимпиадаларда юқори натижаларни қўлга киритган интеллектуал етук ёшлар ва уларнинг устозларини тақдирлаш маросими ўтказилди, бу ҳақда Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Мудофаа вазирининг ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов қўлидан мукофотларни қабул қилиб олган ёшлар Россия Федерациясининг Рязан олий ҳаво-десант қўмондонлик билим юртида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида Ҳарбий-касбий тайёргарлик йўналиши бўйича ўтказилган бечинчи халқаро олимпиада қатнашиб қайтган эди.
Улар 35 та жамоа орасида муросасиз ўтган олимпиадада ноқулай об-ҳаво шароитларига қарамасдан юқори профессионал тайёргарлик даражасини кўрсатиб, умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни эгаллаган эди.
Шунингдек, тадбир давомида Қозоғистон Республикасининг Қарағанда шаҳрида МДҲ мамлакатларининг ҳарбий билим юртлари курсантлари ўртасида математика фанидан ўтказилган олимпиадада Қуролли Кучлар академияси курсантлари биринчи маротаба қатнашишига қарамасдан 3-ўринни қўлга киритган эди. Тадбир давомида улар ҳам муносиб тақдирланди.
Курсантларнинг юқори натижаларга эришишида ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшган Академия профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов, университет доктаранти Шоҳрух Ҳусанов, 4-босқич талабаси Сардор Бозорбоевга ҳам қимматбаҳо совғалар топширилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги курсантлари жорий йилда математика, информатика (профессионал тайёргарлик) ҳамда Ҳарбий-касбий тайёргарлик йўналишлари бўйича иккинчи ўринларни қўлга киритган эди.
Изоҳ (0)