Фижи мезбонлигида бўлиб ўтаётган (1—8 июнь кунлари) оғир атлетика бўйича 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчи Адҳамжон Эргашев олтин медалини қўлга киритди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.
-67 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Эргашев даст кўтариш машқида 141 кг, силтаб кўтариш машқида эса 173 кг, жами 314 кг натижа қайд этди. Эътиборлиси, унинг бу кўрсаткичини ҳеч қайси рақиби такрорлай олмади. Кумуш медаль туркиялик Муҳаммад Фурқон Ўзбекга насиб этган бўлса, россиялик Зулфат Гараев бронза медали билан тақдирланди.
- Адҳамжон Эргашев – 314 кг (141 кг + 173 кг)
- Муҳаммад Фурқон Ўзбек (Туркия) – 307 кг (135 кг + 172 кг)
- Зулфат Гараев (Россия) – 300 кг (137 кг + 163 кг)
Спортчининг ушбу натижаси билан Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси муборакбод этди:
«Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Сизни ажойиб ғалаба – оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида Жаҳон чемпиони шарафли унвонини муваффақиятли ҳимоя қила олганингиз билан самимий ва қизғин қутлайди. Кетма-кет иккинчи бор Жаҳон биринчилигида ўз вазнингиз бўйича дунёда тенги йўқ энг кучли полвон эканлигингизни ёрқин ва ишонарли намойиш этдингиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз каби полвон йигитларни тарбиялаётган ота-онангизга, устозларингизга ва, албатта, Ўзбекистон оғир атлетика федерациясига миннатдорчилик изҳор этамиз», — дейилади хабарда.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)