«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси муҳокама учун чоп этилди, бу ҳақда Халқ таълим вазирлигининг ахборот хизмати маълумот беради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўқитувчилар ва ўқувчилар моддий шароитини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1997 йил 20 августдаги 409-сон қарорида 1-синф ўқувчилари ва касаллиги туфайли уйида якка тартибда таълим оладиган ўқувчиларни ўқув қуроллари ҳамда кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчиларни қишки кийим-бош тўпламлари билан таъминлаш, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлашнинг 2002—2003 йилларга мўлжалланган дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 25 январдаги 33-сон қарорида юқори синфларнинг кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчилари ҳам бепул қишки кийим-бош тўплами билан таъминлаш белгиланган.
Кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчилар учун ўтган йилларда харид қилинган қишки кийим-бош тўпламлари (палто ёки куртка, этик, телпак ва қўлқоп) мактаб ўқувчиларининг орасида ташқи кўриниши, дизайн жиҳатидан сезиларли фарқи борлиги ва бунинг натижасида вояга етмаганлар ўртасида ижтимоий табақаланиш кўриниб қолаётганлиги сабабли баъзи ота-оналар томонидан ушбу кийим-бошларни олишдан бош тортиш ҳолатлари учрамоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарорига мувофиқ, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча давлат умумтаълим мактабларида ягона мактаб формаси татбиқ этилиши лозим. Ушбу мактаб формаси бўйича ягона талаблар тасдиқланганлиги учун ўқувчилар ўртасида кийим-бошга қараб ижтимоий табақаланишнинг олди олинади.
Бироқ кўп болали ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар томонидан мазкур мактаб формасини янги ўқув йилига тайёргарлик даврида мактабларда таълим олувчи бир неча фарзандларига бир вақтда харид қилиш моддий қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, кўп болали ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчилар учун харид қилинадиган қишки иссиқ кийим-бош тўпламларига ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобига шу тоифадаги ўқувчилар учун тасдиқланган стандартларга мос мактаб формаси тўплами билан таъминлаш таклиф этилмоқда.
Мазкур ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 20 августдаги 409-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 25 январдаги 33-сон қарорига кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчилар қишки иссиқ кийим-бош тўпламлари ўрнига мактаб формаси харид қилишни назарда тутувчи тегишли ўзгартиришлар киритишни кўзда тутади.
Шу билан бирга, истисно тариқасида, кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчилар учун бюджет маблағлари ҳисобига харид қилиниши режалаштирилаётган мактаб формаси тўпламларига буюртмаларни «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг махсус тасдиқланган рўйхатидаги корхоналар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали жойлаштириш таклиф этилмоқда.
Ушбу корхоналар ишлаб чиқарган мактаб формаси харид нархини Молия вазирлиги томонидан тартибга солиш таклиф этилмоқда.
Давлат бюджети маблағлари ҳисобига харид қилинган мактаб формаларини умумтаълим мактабларининг энг муҳтож ўқувчиларига тарқатилишини ушбу мактабларнинг Кузатув кенгашлари ва тегишли фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш идоралари вакиллари билан бирга амалга ошириш лозимлиги кўзда тутилмоқда.
Изоҳ (0)