Ўтган ҳафтада Бухоро вилоятида жойлашган Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида махсус тактик ўқув машғулотлари ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Ушбу мажмуавий махсус-тактик машғулотлар ҳамкорликдаги қуролли кучлар тузилмалари ҳаракатларини мувофиқлаштириш, мобил бўлинмаларнинг ўта муҳим объектларга етиб бориш вақтларини қисқартириш, турли кўринишдаги ноқонуний тажовузларни олдини олиш, табиий ва техноген офатлар рўй берганда уларнинг оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида ўтказилди.
Машғулотлар эрта тонгда тўсатдан чегара олди ҳудудларида шартли ноқонуний қуролланган жангарилар тўдаси тўпланаётганлиги, уларнинг мақсади бир неча ўта муҳим объектларда қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш эканлиги маълум бўлгач, мавжуд объектларда қўриқлашни кучайтирилган режимга ўтказишдан бошланди.
Мажмуавий махсус-тактик ўқувларда иштирок этаётган ҳамкорликдаги бўлинмалар ҳудудларга тезкорлик билан етиб борди ва шартли душманнинг эҳтимолий ҳаракатланиш йўналишида позициялар эгаллади.
Шундан сўнг, махсус-тактик ўқувларнинг асосий фазаси бошланди. Биринчи ўқув жойида Мудофаа вазирлиги қўшинлари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари махсус бўлинмаларининг ҳарбий хизматчилари томонидан шартли ноқонуний қуролланган тузилмаларни қидириб топиш, қуршаб олиш ва яксон қилиш бўйича ҳамкорликдаги операция намойиш этилди.
Умумий ҳисобда 20—30 нафар «душман» гуруҳлари иккига бўлинган ҳолда давлат чегарасини бузиб, мамлакат ичкарисига ўтишга уринганида ҳамкорликдаги бўлинмалар томонидан ҳар томондан қуршовга олинди. Вертолёт авиацияси ёрдамида етиб келган махсус бўлинма ҳарбий хизматчилари эса уларни «яксон этишга киришди».
Ҳарбий хизматчиларнинг уюшқоқлик билан амалга оширган ҳаракатлари натижасида «жангарилар» батамом йўқ қилинди. Портловчи қурилмалар ўрнатилган автомобиль ҳам зарарсизлантирилди.
Ундан кейинги ҳаракатлар давомида ўта муҳим объектлар атрофидаги аҳоли яшаш пунктида «гаровга олинганларни» озод қилиш операцияси Мудофаа, Ички ишлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда амалга оширилди.
Кўргазмали тактик машғулотнинг сўнгги эпизоди шартига кўра, шартли душманлар томонидан мамлакат учун ўта муҳим саналган кўприк эгалланиб, миналаштирилган. Кўприкни миналардан тозалаш учун сапёрлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ғаввослари жалб этилди.
Тегишли вазирлик ва идоралар куч тузилмалари билан ҳамкорликдаташкил этилган махсус-тактик ўқувлари муваффақиятли якунланди. Қуролли Кучлар куч тузилмалари ҳамда Қандим газни қайта ишлаш заводи мутасаддилари томонидан машғулотда фаол қатнашган ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларига фаҳрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Изоҳ (0)