Генуянинг «Сампдория» клуби ҳужумчиси Фабио Квальярелла Италия чемпионатида 2018/19 йилги мавсумнинг энг яхши тўпурари бўлди.
36 ёшли Квальярелла А Серияда 37 та учрашувда 26 та гол уришга муваффақ бўлди (9 таси пенальтидан). Ҳужумчи илк марта ушбу кўрсаткични қайд этди. Аввалроқ у «Торино», «Фиорентина», «Кети», «Асколи», «Удинезе», «Наполи» ва «Ювентус» клубларида тўп сурган.
Тўпурарлар баҳсида 2 ва 3-ўринларни «Аталанта»нинг колумбиялик ҳужумчиси Дуван Сапата (23 та гол) ва мавсумнинг биринчи чорагини «Женоа»да ўтказган «Милан» ҳужумчиси Кшиштоф Пёнтек (22 та гол) эгаллади.
«Ювентус»нинг португалиялик ҳужумчиси Криштиану Роналду энг яхши снайперлар рўйхатида 4-ўриндан жой олди. У 31 та баҳсда 21 та голга муаллифлик қилди.
Бундан ташқари Квальярелла битта мавсумда А Серияда энг яхши тўпурарга айланган «Сампдория» клуби тарихидаги 3-футболчи бўлди.
Бунга қадар Жанлука Виалли (1990/91 йилги мавсум, 19 та гол) ва Сержо Бригенти (1960/61, 27 та гол) мазкур натижага эришганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)