«Дарё»да ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳафта бошида АҚШга борди. Вашингтондаги АҚШ Тинчлик институтида ташкил этилган давра суҳбатида нутқ сўзлади, Ўзбекистондаги диний эркинлик, диний таълим ва бошқа масалаларга тўхталди. Муфтий «Америка овози» радиоси журналисти билан суҳбатда «Мен қайси бир масжидга борадиган бўлсам, у ерда ёш болаларни кўраман. Ёш болаларга ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ. Болалар киритилмасин, деган тартиб йўқ. Бундай тартиб умуман бўлмаган, бу ташқаридаги гаплар. Биз ҳам шу гапларни эшитамиз, лекин намоён бўлгани бошқача. Бизга ҳам айтишади, текширганимизда ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги кўринади. Лекин, битта гап — ёш болалар илм билан шуғулланиши керак. Илм афзалми, ибодат афзалми? Илм афзал. Бу сен келмагин, дегани эмас. Тушунган одам тушунади», деди.
* * *
Ўзбекистонда лотин алифбосини ислоҳ қилиш бўйича якуний хулосага келинди. Унга кўра: тўртта ҳарфнинг (Ch, G‘, O‘, Sh) кўриниши ўзгарди, «ц» товушини ифодаловчи янги C ҳарфи қўшилди, «нг»дан воз кечилди.
* * *
Чинозлик машҳур «тадбиркор» Аҳмадбой — Аҳмаджон Турсунбоевга жиноят иши бўйича ҳукм ўқилди. Унга фирибгарлик ва бошқа қатор айблар қўйилган. Аҳмадбой 14 йилга озодликдан маҳрум этилди. У сўнгги сўзларини айтар экан, «...мен ўзим учун тўғри ишлаганман, фуқароларни алдамаганман. Фуқаролар ўз хоҳиши билан пул олиб келган. Фуқаролар кўпайганидан кейин қонуний қилиб фирма очишга мажбур бўлганман. Мен бировни алдаб, пулини олмаганман. Ўз хоҳиши билан берган. Қайси одам шунчаки 10 минг долларини 20 минг доллар қилиб олади? Банкка борса, банк буни ҳеч қачон қилиб бермайди. Банк бир йилда 10 минг долларни 12 минг қилиб беради. Ҳеч ким уларни мажбурламаган, ўз хоҳиши билан олиб келган...», деб изоҳ берди.
Молиявий пирамида яратиб, фуқароларнинг пулларини икки баробар қилиб қайтариши билан машҳур бўлган Аҳмадбой ишини бир неча йилдан бери аҳоли қизиқиб кузатмоқда. Ажабланарлиси, фаолияти бошиданоқ ноқонуний бўлган «тадбиркор»га давлат органлари бир неча йилгача тегмаганидир.
* * *
Ўтган ҳафтада Наманган вилоятида аҳоли ўртасида бирдан шов-шув кўтарган ва зум ўтмай ҳафсаласини пир қилган воқеа юз берди. Айтишларича, чустлик фермернинг даласидан қудуқ суви чиққан. Сув гўёки шифобахшлиги учун минглаб одамлар ёпирилиб келаётгани, ҳатто қўшни вилоятдагилар сувга навбатда туришгани ҳақида маҳаллий аҳолининг маълумотлари тарқалди. Бу ҳақда телевидение ҳам хабар берди. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазиятни назоратга олди ва эксперт таҳлилларидан сўнг сув истеъмолга бутунлай яроқсизлиги ҳақида хулоса берди. Вазирликнинг таъкидлашича, қудуқ сувидан инсон саломатлиги йўлида фойдаланишни тўхтатиш лозим.
* * *
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Сарвар Отамуродов партия етакчилигидан озод этилди ва «Ўзагросуғурта» акционерлик жамияти раҳбари этиб тайинланди. Унинг ўрнига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров партия раиси этиб сайланди.
Сарвар Отамуродов 2016 йилги президентлик сайловида ўз партиясидан номзод сифатида қатнашган. Икки ой олдин у Таълим вазирлиги ва Маданият вазирлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи фаолиятини қаттиқ танқид қилган эди.
* * *
Ҳафта охирларида Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги талабалар шаҳарчасига ташриф буюриб, ЎзМУда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашди. Учрашувда математика факультети талабаси Сардор Бозорбоев сўзга чиқиб, ўз ютуқларидан сўзлади. Президент «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раисига Сардор Бозорбоев учун автомобиль ажратиш бўйича кўрсатма берди.
* * *
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров «Муносабат» кўрсатувида кундузги вақтда автомобилларнинг яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб юриш ва жарималар бўйича қонунчиликдаги «ўйин»ларни фош қилди. Депутатнинг айтишича, улар фақат мотоцикл ва автобуслар чироғини ёқиб юришини маъқуллаган, аммо қоида барча автомобилларга татбиқ этилган.
Аввалроқ Олий Мажлис депутатлари Ўзбекистонда автомототранспорт воситалари чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шартлиги ҳақидаги қоидани бекор қилиш юзасидан мурожаат билан чиқиб, қарорда мамлакатимиз иқлим шароити ҳисобга олинмагани, ёзнинг иссиғида чироқларнинг ёқиб юрилишига эски автомобилларнинг мос эмаслиги, қарор қабул қилишда жамоатчилик фикри ҳисобга олинмагани, шунингдек, жарима миқдори бошқа мамлакатлардагига нисбатан жуда баландлигини айтиб ўтганди.
«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг.
Изоҳ (0)