Олот туман маъмурий судида ўз яшаш уйида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар ташкил қилинган бир гуруҳ ишсиз шахсларга суд қарори чиқарилди. Бу ҳақда «Дарё»га туман суди раиси О.Ражабов хабар қилди.
2019 йил 9 февраль куни соат 16:00 ларда Олот тумани, Соинқоровул МФЙда С.Қодиров (1989 йил туғилган) яшаш уйида 4 нафар фуқаро — А.Каримов (1988 йил туғилган), Б.Алиев (1989 йил туғилган), Ж.Тўраев (1988 йил туғилган) ва У.Усмонов (2001 йил туғилган) билан биргаликда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил қилган. Аниқланишича улар шу даврга қадар ҳеч қандай иш билан машғул бўлмаган.Судда фуқаролар ўз кўрсатмасида айбига иқрорлик билдириб қонунга хилоф равишда қимор ўйнаганликларини тан олган.
Шунингдек, ашёвий далил сифатида ўйинда ишлатилган жами 381.000 сўм пуллар ва ўйин картасини вақтинча сақлаш мақсадидан олиб қўйганликларини, айбига иқрорлигини, қилмишидан пушаймондалигини, оилавий шароитини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўраган.
Фуқаролар С.Қодиров, А.Каримов, Б.Алиев, Ж.Тўраев ва У.Усмоновнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 191-моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топилди.
Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 245, 309, 310-311-моддаларига амал қилиб, суд қарор қилди.
С.Қодиров, А.Каримов, Б.Алиев, Ж.Тўраев Ўзбекистон Республикаси МЖтК 191-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга энг кам иш ҳақининг 4 (тўрт) баравари миқдорида 810.920 сўм жарима, У.Усмоновга эса энг кам иш ҳақининг 3 (уч) баравари миқдорида 609.190 сўм жарима солинди.
Ашёвий далил 381.000 (уч юз саксон бир) сўм пул давлат эгалигига мусодара қилинди.
Изоҳ (0)