«Реал» Европа комиссиясига қарши суд жараёнида ғалаба қозонди, дея хабар берилди клубнинг расмий сайтида.
Клуб 2011 йил Мадрид шаҳри кенгаши билан ер майдонини сотиш бўйича тузилган битимда давлатдан ёрдам олишда айбланаётганди.
«Реал» 1998 йилда шаҳарнинг Лас Таблас туманидан ер сотиб олганди, 2011 йилда эса клуб ўзига тегишли бўлган спорт мажмуаси жойлашган ерни 22 миллион еврога сотиб юборади.
«Қироллик клуби» бунинг эвазига шаҳардан «Сантьяго Бернабеу» яқинидаги ер майдонига эга бўлди. Стадион реконструкция қилингач бу ерда келажакда меҳмонхона ва савдо маркази барпо этилиши кўзда тутилганди.
Клуб давлатдан ёрдам олганликда айбланиб, 2016 йилда пулларни Мадрид ҳокимиятига қайтариб беришга мажбур бўлади. Натижада «Реал» апелляцияга бериб, суд жараёнида ютиб чиқди.
Суд қарорига кўра, «Реал Мадрид» 18,4 миллион еврога қўшимча равишда 2 миллион евро фоиз ҳам олади. Шунингдек, суд Европа комиссияси гарданига «Реал»нинг суд жараёнида кетган барча харажатларини қоплашни юклади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!