18 май куни соат 14:00 да 93 ёшли Зоя Владимировна Чилонзор тумани ИИО ФМБга уйида ўқотар қурол сақланиши ҳақида хабар берди. Келиб тушган маълумотни текшириш учун ички ишлар органлари ходимлари воқеа жойига холислар билан бирга келиб, уйни кўздан кечиришди. Уй ҳудудида 2 та 16-калибрлик ўқ-дори ва битта 1952 йилда чиқарилган ов қуроли топилди, деб хабар қилади Ички ишлар бош бошқармаси.
Зоя Владимировнанинг гапларига қараганда, ушбу қурол унинг шу йил февраль ойида оламдан ўтган турмуш ўртоғига тегишли бўлган. Зоя Владимировна эса дарҳол ИИОга қурол ҳақида хабар беришни унутган. Аммо 18 май куни Зоя Владимировна ўқ-дориларни кўриб қолиб, тегишли ҳужжатлари бўлмаган ов қуроли эсига тушган ва дарҳол профилактика инспектори билан боғланган. Аёл ёлғиз истиқомат қилади, шунинг учун ушбу қурол ёмон қўлларга тушиб қолишидан қўрққан.
Зоя Владимировна Чилонзор тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилди, унда у ўз ихтиёри билан қурол ва ўқ-дориларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшираётганлигини маълум қилди. Шундан сўнг қурол ва ўқ-дорилар Тошкент шаҳар ИИББ тасарруфига тегишли экспертиза ўтказиб масалани хал этиш учун топширилди.
«Ҳурматли фуқаролар! Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 248-моддасига мувофиқ («Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш») қурол ва ўқ-дориларни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилинади», — дея таъкидлайди Ички ишлар бош бошқармаси.
Изоҳ (0)