Ўзбекистондаги мактабгача таълим муассасаларида педагоглар кўпаяди. Уларни тайёрлаш учун республикадаги 97 та касб-ҳунар коллежи қайта ташкил этилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 майдаги 418-сон қарорида назарда тутилган. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Ҳар бир вилоятда педагогика йўналишида кадрлар тайёрлайдиган айрим касб-ҳунар коллежлари Мактабгача таълим вазирлигининг (MTВ) педагогика коллежлари этиб қайта ташкил этилади. Қайта ташкил этиладиган таълим муассасалари рўйхати ҳужжатга иловада берилган бўлиб, барча ҳудудлар, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрини (пойтахт педагогика коллежи) қамраб олган.
1 ой муддатда коллежларнинг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан бирга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида MTВга текинга топширилади. Бунда уларнинг бўш турган биноларига MTВ тизимидаги давлат муассасалари, шу жумладан болалар боғчалари ҳамда уларнинг тайёрлов гуруҳлари текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.
MTВ қайта ташкил этилган коллежларнинг фаолиятига раҳбарлик қилади ва уларнинг ташкилий-кадрлар базасини мустаҳкамлаш билан шуғулланади. MTВ ҳузуридаги Мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти эса ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштириш ҳамда амалий ва ахборот ресурслари жиҳатидан кўмаклашиш билан шуғулланади.
Янги педагогика коллежларига умумтаълим ҳамда ихтисослаштирилган мактабларнинг 11-синф битирувчилари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият, олимпия захиралари мактаб-интернатлари, шунингдек, академик лицейлар битирувчилари ўқишга қабул қилинади. Қабул квоталарини MTВ белгилайди. Қайта ташкил этиладиган коллежларга ўқишга қабул қилинган ўқувчилар ўқишни амалдаги ўқув дастурлари асосида тугатади.
2019 йил 1-сентябргача тайёрлов йўналишлари ва мутахассисликлар рўйхати, ўқув режа ва дастурлар ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилиб, тасдиқланади. Қайта ташкил этиладиган ўқув муассасалари асосий фаолиятига қўшимча равишда бошқа пуллик хизматлар кўрсатиши мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2019 йил 20-майдан кучга кирди.
Изоҳ (0)