Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги қарорига мувофиқ, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан жойларда пенсия ва нафақа тўловлари учун ажратилган биноларнинг ёз мавсумига тайёргарлиги ўрганилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Натижада 188 та маҳаллада пенсионерлар учун шароитлар мавжуд эмаслиги, шунингдек, пенсия ва нафақа тўловлари олиш учун умуман махсус хона ажратилмагани сабабли тўловлар бевосита АТ «Халқ банки» махсус кассалари учун ажратилган автоуловларда амалга оширилаётгани аниқланди.
Хусусан, Навоий вилояти Кармана тумани «Шибзон» МФЙнинг биноси мавжуд эмаслиги сабабли пенсиялар автоуловда тарқатилмоқда. Тошкент шаҳар Чилонзор тумани «Катта Қозиробод» маҳалласида тўловлар қурилиш учун мўлжалланган «вагонда» амалга оширилмоқда, дейилади жамғарма тарқатган маълумотда.
Шунингдек, жойларда пенсионерлар билан ўтказилган суҳбатларда мустақил ҳаракатланиш ҳамда пенсияларни махсус кассалардан олиш имконияти бўлмаган шахсларга тўловлар кеч етказилиши юзасидан эътирозлар билдирилган.
Хусусан, Андижон вилояти Шаҳрихон туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.Р. ва унинг икки ногирон фарзандига пенсиялар кечиктириб тўланиши сабабли, унинг турмуш ўртоғи МФЙ биносига бориб пенсия пулларини олишга мажбур бўлаётганини ҳақли эътироз билан айтган.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани «Тупроққалъа» МФЙда пенсия тўловлари учун нақд пул маблағлари банк ходимининг шахсий автоуловида тарқатилаётгани маълум бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги қарорига мувофиқ, 2017 йилнинг июль ойидан бошлаб пенсия ва нафақалар тарқатилиши АТ «Халқ банки» сайёр кассалари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига пенсияларни тарқатиш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида ёки пенсионерлар учун қулай бўлган бошқа маъмурий биноларда алоҳида хоналарни ажратиш вазифаси юклатилган.
Мониторинг ишлари тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)