«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси Ла Лиганинг сўнгги турида «Эйбар» дарвозасини икки бор ишгол қилди (2:2).
Мазкур ўйинда аргентиналик клубдаги фаолиятида ўзининг 601 ва 602-голларини урди. Ушбу кўрсаткичда у «Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналдудан ўзиб кетди. Айни дамда Роналду ҳисобида 601 та гол мавжуд. Месси мазкур натижага эришиш учун 686 та, португалиялик эса 804 та ўйин ўтказди.
Маълумот учун, жорий мавсум Месси ҳамда Роналду яна битта ўйин ўтказади. «Барселона» Испания Кубоги финалида «Валенсия» билан ўйнаса, «Ювентус» А Серия сўнгги турида «Сампдория»га қарши майдонга тушади.
Эслатиб ўтамиз, 34 ёшли Роналду жорий мавсум барча мусобақаларда 43 та беллашувда 28 та гол урди. Месси ҳисобида эса 49 та баҳсда 50 та гол мавжуд.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)