Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилади.Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 май куни «Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги Ислом Каримов кўчасидан 1,1 гектар ажратилган ер майдонида 2019 йил Инвестиция дастури асосида 150 ўринли мактаб-интернат биноси ва унинг 100 ўринли ётоқхона биноси қурилади.
Мактаб-интернат бино ва иншоотларини қуриш бўйича Сирдарё вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмачи этиб белгиланди.
2019—2020 ўқув йилида мактаб-интернатнинг 5-6-7-8-синфларига ҳамда 2020—2021 ўқув йилидан бошлаб 5-синфга 30 нафардан ўқувчи қабул қилиниши белгиланган. Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда мактаб-интернатга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида она тили ва адабиёт фанларидан ижодий танлов, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда она тили ва адабиёт ҳамда чет тили фанларидан тест синови ва психологик-педагогик ташхис ўтказади.
Изоҳ (0)