Таиланднинг шимолида бир ит ўсмир онаси томонидан тириклайин кўмилган янги туғилган чақалоқни қутқарди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Хабарда айтилишича, чақалоқни 15 ёшли ўсмир онаси ўз ҳомиладорлигини ота-онасидан беркитиш учун ташлаб юборган.
Пинг Понг исмли ит баланд овозда вовуллаб, Бан Нонг Кхам қишлоғи яқинидаги даладаги ерни қазий бошлаган. Унинг эгаси кейин ердан чиқиб турган чақалоқ оёғини кўрган.
Маҳаллий аҳоли чақалоқни зудлик билан касалхонага келтирган. Шифокорлар уни ювиб, тозалаб, ҳали соғлом эканини айтган.
Пинг Понгнинг эгаси Уса Нисайкха ити автоҳалокатдан сўнг бир оёғини ишлата олмай қолганини айтган.
«Мен ундан воз кечмадим, чунки у жуда содиқ ва итоаткор, — дейди Уса. — Мен далага сигирларни ўтлатгани борганимда у доим менга ёрдам беради. Бутун қишлоқ уни яхши кўради».
Чақалоқнинг онаси уни ташлаб кетгани ва қотилликка қўл урмоқчи бўлгани учун жавобгарликка тортилган.
Маҳаллий полиция офицери Пануват Путтакам у ота-онаси ва психологлар назоратида эканини маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, қиз қилган ишидан пушаймон, унинг ота-онаси эса чақалоқни тарбиясига олишга қарор қилган.
Изоҳ (0)