«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси авлиё Георгий номидаги Сант-Жорди мукофотига сазовор бўлди. Бу ҳақда клубнинг расмий сайтида хабар берилди.
Мазкур мукофот 1981 йилдан буён ўз эгаларига топширилиб келинади ва бу Каталониянинг олий мукофотларидан бири ҳисобланади. Аргентиналик футболчи ушбу совринни қўлга киритган клуб тарихидаги иккинчи футболчига айланди. Аввалроқ «Барселона» собиқ ўйинчиси ҳамда мураббийи Йохан Кройфф ушбу мукофотга эга чиққанди.
Маълумот учун, авлиё Георгий номидаги Сант-Жорди мукофоти Каталония тили ҳамда маданиятига улкан ҳисса қўшган инсонларга берилади.
«Мазкур мукофотга лойиқ кўрилганимдан хурсандман ва фахрланаман. Бу мукофотнинг Каталония жамоатчилигидаги қадр-қимматини қадрлайман», — деб ёзади Месси ўзининг Instagram’даги расмий саҳифасида.Таъкидлаш жоиз, Лео жорий мавсум 48 та учрашувда 48 та гол урди ва 22 та голга ассистентлик қилди. Ҳужумчининг «кўк-анор ранглилар» билан тузган шартномаси 2021 йилнинг ёзига қадар амал қилади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)