Standart and Poor’s халқаро рейтинг агентлиги томонидан Тошкент вилоятининг узоқ муддатли кредит салоҳиятини белгиловчи рейтинг тайинланди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Бу борада Россиянинг «Газпромбанк» акциядорлик компанияси консултантив ёрдам кўрсатган. Вилоятга «BB-» рейтинги берилди, прогноз «Барқарор».

Бундай юксак баҳога мамлакатдан кейин нафақат Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва шаҳарлари, балки Марказий Осиё минтақалари орасида ҳам биринчи бўлиб эришилди.

Тошкент вилоятининг кредит салоҳиятини юқори баҳолаган S&P Global ratings халқаро ташкилоти дунёнинг 128 мамлакатида таҳлил олиб боради. 150 йиллик тарихга эга ушбу халқаро рейтинг ташкилотининг жаҳондаги ҳар бир давлатда ўз таҳлилчилари бор. Улар мамлакатлар ва минтақаларнинг иқтисодий салоҳияти, кредит бериш қобилиятини ўрганади ва доимий равишда баҳолаб боради.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Халқаро рейтинг агентлиги таҳлилчилари томонидан тақдим этилган хулосада Тошкент вилоятининг рейтинг кўрсаткичлари юқори эътирофини топган. Хусусан, халқаро экспертлар хулосасида вилоятнинг рейтинг кўрсаткичлари республиканинг рейтинг кўрсаткичлари билан ўзаро мувофиқлиги, вилоятдаги мавжуд молиявий барқарорлик, келгуси уч йилликда вилоят бюджети профицит билан ижро этилиши ҳамда вилоятдаги иқтисодий-ижтимоий ва ликвидлик кўрсаткичлари юқорилигича қолиши қайд этилган.