2019 йил 12 май куни соат тахминан 16:00 ларда Самарқанд шаҳрида яшовчи, ўрта мактабнинг 8-синф ўқувчиси П.Р. (2004 й.т.) Самарқанд шаҳар Беруний кўчасидаги «Ёшлик» истироҳат боғида йиқилиб, тан жароҳати олган ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига мурожаат қилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Фото: Repost

Унга «бошнинг энса чап соҳаси юмшоқ тўқималари лати» ташхиси қўйилиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ истироҳат боғи раҳбарияти аттракционда учаётган қиз муддатидан олдин хавфсизлик камарини ечиб юборгани учун йиқилиб тушганини маълум қилган эди. Шунингдек, қиз дарҳол барча тиббий кўрикдан ўтказилгани ва ҳеч қандай жароҳат олмагани айтилган эди.