Facebook ижтимоий тармоғида Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсуповнинг Ўзбекистон Президентига йўллаган видео мурожаати пайдо бўлди. Ушбу мурожаатни унинг укаси Муҳаммад Баҳоуддин Юсупов тармоққа жойлаган.

Кадр: Facebook / Мухаммад Баҳоуддин Юсупов

Ўзбекистон Бош прокуратураси Саид-Абдулазиз Юсупов 10 май куни Жиноят кодексининг 168-моддасида кўзда тутилган фирибгарлик фактлари аниқланганлиги юзасидан ушланганини маълум қилганди.

Таъкидланишича, Саид-Абдулазиз Юсупов томонидан жуда катта миқдордаги зиённи кўзда тутувчи фирибгарлик фактларининг содир этгани аниқланганлиги нуқтаи назаридан ҳозирда унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиши масаласи кўрилмоқда.

«Агарда ушбу мурожаатим ижтимоий тармоқларда тарқалган бўлса мен ҳибсда ёки Ватандан ташқарида ва ёки Худо кўрсатмасин бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган бўламан»,  — дея бошланган видео мурожаат давомида Саид-Абдулазиз Юсупов ўзига нисбатан тазйиқлар амалга оширилаётганини маълум қилган.

"PREZIDENTIMGA MAKTUB" Bu videoni akam Said-Abdulaziz Yusupovdan 25.09.2018 da yozib olganmiz. O`sha vaqtda ham qanaqadir tuhmatlar, ta`ziyqlar ichida edilar va menga bunday holat yana takrorlanishi mumkin degandilar. O`shanda juda toshib ketdilar. Keyin har ehtimolga qarshi shu videoni yozib oldik. Men akamning Prezidentimiz Shavkat Mirziyoyevga qilgan bu murojaati juda ko`p narsalarga oydinlik kiritishiga va akamning tez kunlarda oilamiz bag`riga qaytishiga ishonaman.

Geplaatst door Muxammad Bahouddin Yusupov op Zondag 12 mei 2019

Муҳаммад Баҳоуддин Юсуповнинг қайд этишича, мазкур видео 2018 йилнинг 25 сентябрида тасвирга олинган бўлиб, ўша вақтда акаси қандайдир туҳмат ва тазйиқлар исканжасида юрган.

«Бу видеони акам Саид-Абдулазиз Юсуповдан 25 сентябрь 2018 йилда ёзиб олганмиз. Ўша вақтда ҳам қанақадир туҳматлар, тазйиқлар ичида эдилар ва менга бундай ҳолат яна такрорланиши мумкин дегандилар. Ўшанда жуда тошиб кетдилар. Кейин ҳар эҳтимолга қарши шу видеони ёзиб олдик. Мен акамнинг Президентимиз Шавкат Мирзиёевга қилган бу мурожаати жуда кўп нарсаларга ойдинлик киритишига ва акамнинг тез кунларда оиламиз бағрига қайтишига ишонаман», — деб ёзади Муҳаммад Баҳоуддин Юсупов.

Маълумот учун, Саид-Абдулазиз Юсупов ОАВлардаги бир қатор мақолалари ва видео чиқишлари билан танилган эди. Хусусан, унинг учта ФФФ назарияси ҳақидаги чиқиши айниқса шов-шувларга сабаб бўлганди.