Жорий йилнинг 18 мартида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналарини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий аҳамиятли товарларни (хизматларни) эркин нархларда сотилишини таъминлашга йўналтирилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда «Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида» қарорига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақида Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси матбуот хизмати маълумотига таяниб ЎзА хабар қилади.
Қарор билан болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга улар умумий пенсия ёши, яъни 55 ёшга етганларида ва зарур иш стажига эга бўлмаса ҳам, нафақа тайинлаш ҳуқуқи тақдим этилди.
Болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналар ёшга доир нафақа тайинлаш учун Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларига тегишли ҳужжатларни тақдим этиши лозим.
Шу ўринда ушбу нафақа миқдори пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қариялар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларнинг нафақаси миқдорида белгиланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 октябрдаги «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида» ги фармонига асосан 2018 йил 1 ноябрдан нафақа миқдори 243 минг 300 сўмни ташкил этади.
Шунингдек, ушбу тоифадаги фуқароларга Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ ёшга доир нафақа олувчига ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик компенсация тўлови ҳам амалга оширилади.
Қарор қабул қилингандан бошлаб ҳозирги кунга қадар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 1 минг 628 нафар болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналарига нафақа ўз муддатларида тайинланди ва апрель ойида уларнинг 576 нафарига нафақа илк маротаба тўлаб берилди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу нафақа тури аёл киши фақатгина 55 ёшга тўлганда ҳамда мурожаат кунида болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор бўлган тақдирдагина тайинланади.
Изоҳ (0)