Бухорода умумий қиймати 125 миллиард 304 миллион сўм бўлган, шундан 7 миллион 406 минг доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар иштирокидаги лойиҳалар тақдим этилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Олим Жўраев хабар берди.
Билдирилишича, ўтказилган мазкур тақдимотда вилоятнинг шаҳар ва туманларида амалга оширилиши режалаштирилган 18 та истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилган. Лойиҳаларда асосан, хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш, қишлоқ хўжалигида янгича инновация ва технологияларни жалб этиш орқали ерлардан унумли фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачилик кластерларини яратиш кўзда тутилган.
«Бухорода саноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни янада кўпайтириш ва уни қайта ишлашни кенгайтириш, маҳсулотларнинг экспортини ошириш биринчи галдаги вазифа. Айниқса, бу ушбу маҳсулотлар билан аҳолини узлуксиз таъминлаш, пировард натижада халқнинг турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Тақдим этилган истиқболли лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида 451 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Бу шунча оила муҳим даромадга эга бўлади, деганидир. Ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, тақдим этилган ҳар бир йирик истиқболли лойиҳалар орқали ташаббускор тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланади», — деди вилоят ҳокими Ўктам Барноев лойиҳалар билан танишар экан.
Тақдимотда таклиф этилган лойиҳалардан бири Бухоро шаҳрида қурилиши режалаштирилаётган «Султан Техно Groupс» МЧЖга қарашли шиша маҳсулотини қайта ишлаш корхонасидир. Умумий қиймати 9 миллард 240 миллион сўм бўлган мазкур лойиҳанинг асосий қисми ташаббускорнинг ўз маблағлари, шунингдек, «Hamkorbank» томонидан ажратилиши кўзда тутилган 504 миллионлик имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан амалга оширилади. Лойиҳа тўла қувват билан ишлайдиган бўлса, 40 та янги иш ўринлари яратилади.
Изоҳ (0)