Жорий йилнинг 30 апрель — 2 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов бошчилигидаги делегация Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик мулоқоти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 16-мажлисида иштирок этди, бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
Учрашув доирасида Осиё ва Яқин Шарқ давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари турли жабҳаларда самарали шерикликни йўлга қўйиш бўйича янгича ечимлар ҳамда «ОҲМ нигоҳи — 2030»га биноан, Осиё халқларининг умумий интилишларини рўёбга чиқариш мақсадида барқарор ривожланишнинг ижтимоий ва иқтисодий стратегияси масалалари юзасидан муҳокамалар ўтказди.
Музокараларда Ўзбекистон делегацияси раҳбари мамлакатнинг Осиёда ҳамкорлик мулоқоти ролини оширишни изчил қўллаб-қувватлаши, ОҲМнинг мақсадлари Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган сиёсат йўналишига мос келиши қайд этилди.
Дунё экспертларининг берган баҳоларига кўра, Ўзбекистоннинг очиқ сиёсат юритаётгани натижасида тарихан қисқа муддатларда Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун минтақада барқарор тинчлик вазияти, дўстона муҳит ва қулай шароит вужудга келган.
Учрашув доирасида иштирокчи давлат вакиллари иштирокида «Кичик ва ўрта бизнес – барқарор иқтисодий фаровонликнинг янги ҳаракатлантирувчи кучи» мавзусидаги бизнес-форум ўтказилди.
Осиёда ҳамкорлик мулоқоти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 16-мажлиси якунида Осиёда ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболлари борасидаги умумий қарашларни ўзида акс эттирган Доҳа декларацияси қабул қилинди.
Қатар давлати раҳбари номидан ташкил этилган расмий тадбир доирасида Илҳом Неъматов ва Қатар амири шайх Тамим бин Ҳаммод ал-Тоний ўртасида қисқа суҳбат бўлиб ўтди. Амир Президент Шавкат Мирзиёевга самимий саломларини ва эзгу тилакларини етказиб қўйишни сўради. У Ўзбекистон Қатар учун Марказий Осиёдаги асосий давлат ва истиқболли шерик ҳисобланишини таъкидлади.
Ташриф доирасида, шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Қатар Ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Таний, Қатар тараққиёт фонди ва Қатарнинг «GWC» логистика компанияси раҳбарияти билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Изоҳ (0)