«Қозоғистон гўзали 2019» танлови бугун Нур-Султонда бўлиб ўтди. Танловнинг финал босқичида мамлакатдан жами 32 нафар соҳибжамол қатнашди, аммо ғолиблик павлодарлик 19 ёшли қиз Мадина Батикка насиб қилди. Бу ҳақда «Nur.kz» хабар берди.
«Қозоғистон гўзали» ғолиби «Дунё гўзали» танловига йўлланма олди. Шунингдек, унга 3 миллион қозоқ тангаси (7 869 доллар) миқдорида пул мукофоти ҳам берилди.
«Бу мен учун жуда ҳам ҳаяжонли ва унутилмас онлар бўлди. Ҳиссиётларимни сўз билан ифодалай олмайман. Мени қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат. Менга тақдим этилган пулларни ота-онамга бераман. Ҳозирда университетда туризм йўналишида ўқийман. Кейинчалик Қозоғистонда туризмни ривожлантириш учун ўз соҳам бўйича ишламоқчиман», — дейди танлов ғолибаси.
Мадинадан ташқари яна 3 нафар қизга «вице мисс» унвони берилди.
Биринчи вице-мисс Диана Абишева бўлди. Анъанага кўра, у «Коинот гўзали» танловида Қозоғистонни намойиш қилади.
Иккинчи вице-мисс унвони Надежда Недосековага насиб қилди. Учинчи вице-мисс эса Сания Мергалиева бўлди.
Халқ берган овозларга ва ҳакамларнинг фикрига кўра, ТОП-5 гўзаллар рўйхатига Диана Абишева (Олмаота), Сания Мергалиева (Нур-Султон), Мадина Батик (Павлодар), Надежда Недосекова (Семей) ва Балжанат Анас (Чимкент) кирди.
Изоҳ (0)