«Ўзбеккино» миллий агентлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий банкининг молиявий кўмагида Ўзбекистонга дастлабки инновацион кўчма киномобил олиб келинди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов хабар бермоқда.
Давлат раҳбарининг Сурхондарё вилоятига қилган ташрифи давомида нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда ҳам дастлабки ҳисобланган мазкур киномобилнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Мобил кинотеатр дунёдаги етакчи корхоналарнинг замонавий техник воситалари билан таъминланган бўлиб, ундан фойдаланиш учун 30 дақиқа талаб этилади. Бу вақт мобайнида тиркама энига 6 метрга катталашади ва 80 ўринли мобил кинотеатр аҳолига хизмат кўрсатади. Киномобил республиканинг энг олис шаҳар ва қишлоқларида миллий ҳамда чет эл бадиий, тарихий ва ҳужжатли фильмларини намойиш этиш орқали аҳоли айниқса, ёшлар маънавияти ва уларда ватанпарварлик ҳиссини юксалтириш, адабиёт, театр ва кино санъатига бўлган қизиқишларини ошириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилади.
Айни пайтда Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 7 августда имзоланган «Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги «2018—2019 йилларда замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари ижроси юзасидан Ўзбекистон Миллий банки «Ўзбеккино» Миллий агентлиги билан биргаликда республиканинг барча шаҳар ва туманларида жами 5 550 ўринли умумий қиймати 50 та (15 та 1 қаватли, 24 та 2 қаватли ва 11 та ёзги очиқ) замонавий кинотеатрлар барпо этиш бўйича тизимли ишлар бошлаб юборилди. Мазкур жараён жорий йилнинг охирига қадар якунланиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)