Бугун, 1 май куни «Чирчиқ» полигонида 9 май – «Хотира ва қадрлаш куни» муносабати билан Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилиши режалаштирилган Танк биатлони мусобақасининг очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Унда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги, Қуролли Кучлар фахрийлари, ўқувчи ёшлар, ҳарбий оркестр созандалари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
«Мазкур мусобақани ўтказишдан асосий мақсад – Мудофаа вазирлиги ҳарбий округларининг жанговар бўлинмалари ўртасида энг илғор индивидуал тайёргарликка эга бўлган танк экипажларини танлаб олиш. Уларнинг энг моҳирларига юртимиз манфаатларини халқаро армия ўйинларида ҳимоя қилиш шарафи берилади», – дейди Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Бахтиёр Ўролбоев.
Барча ҳарбий округдан иштирок этаётган экипажлар Т-62, Т-64, Т-72 русумли танкларда белгиланган йўналиш бўйлаб ҳаракатланишга киришди. Starт ва финиш, эстафетани бериш ва тўғри чизиқ бўйлаб ҳаракатланиш участкалари билан жиҳозланган мусобақа трассасидан илдамлаган экипажлар сувли тўсиқ, қўрғон, чуқур, миналаштирилган йўлак, эскарп кўприкларидан ўтиб, отиш марраларида нишонларни аниқ мўлжалга олди.
Эслатиб ўтамиз, танк биатлони беллашувларининг финал босқичи жорий йилнинг 5 май куни, «Чирчиқ» полигонида бўлиб ўтади. Ҳал қилувчи баҳслар давомида замонавий ва Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ҳарбий техникаларнинг намойиши ҳамда ҳарбий санъаткорларнинг концерт дастурлари тақдим этиб борилади.
Изоҳ (0)