Монополияга қарши курашиш қўмитасига келиб тушган «Sheris rent group» МЧЖнинг ноҳалол рақобат ҳолати бўйича иш қўзғатиш сўралган мурожаатига биноан текширув ишлаши олиб борилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу компания қонунчиликда белгиланган тартибда Товар ва хизматларнинг халқаро классификатори бўйича 29-синфга мансуб маҳсулотларга (колбаса маҳсулотлари) товар белгиларини рўйҳатдан ўтказган. Бироқ, «Козимжон омад» МЧЖ, «Premium meat products» МЧЖ ва «Мясоделофф» ХКлар томонидан ишлаб чиқарилаётган ва сотилаётган колбаса маҳсулотларининг ўрамида «Sheris rent group» товар белгиларига адаштириб юбориш даражасида айнан ўхшаш бўлган белгилардан фойдаланганликлари маълум бўлган.
Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Intelлектуал мулк агентлиги маълумотига кўра, «Козимжон омад» МЧЖ, «Premium meat products» МЧЖ ва «Мясоделофф» ХКлар ўз маҳсулотларида фойдаланаётган белгиларни рўйҳатдан ўтказиш учун Агентликка мурожаат қилмаган. Кўрсатилган ташкилотларнинг маҳсулотларидаги белгилар бўйича ўтказилган қиёслов таҳлилига кўра, улар «Sheris rent group» МЧЖ товар белгиларига адаштириб юбориш даражасида бир хил эканлиги аниқланган.
Маълумот учун: «Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 13-моддаси биринчи қисмида юридик шахснинг интеллектуал фаолияти натижаларидан ва уларга тенглаштирилган индивидуаллаштириш воситаларидан, товарни индивидуаллаштириш воситаларидан қонунга хилоф равишда товарни рақобатчининг товар белгисига, фирма номига ўхшаш бўлган ёҳуд адаштириб юбориш даражасида у билан ўхшаш бўлган белгидан фойдаланиш та’қиқланиши белгилаб қўйилган.
Қайд этилганларга асосан, Қўмита томонидан «Козимжон омад» МЧЖ, «Premium meat products» МЧЖ ва «Мясоделофф» ХКларга нисбатан «Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 13-моддаси биринчи қисми, учинчи хатбошиси талабларини бузилиши белгилари бўйича иш қўзғатилди.
Ўрганишлар натижасида, ушбу талаблар бузилган деб топилди ва уларга «Sheris rent group» МЧЖга тегишли бўлган товар белгиларига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган белгилардан фойдаланиб колбаса маҳсулотларини ишлаб чиқаришни тўхтатиш, ушбу белгилар туширилган колбаса маҳсулотлари ўрамини йўқ қилиш ва келгусида бундай қонунбузилиш ҳолатига йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатмалар берилди.
Изоҳ (0)