TravelAsk нашри шаҳарлардаги эски уйларни замонавийлаштириш тажрибаси ҳақида материал тақдим этди.
Москвадаги эски уйларни бузиш дастури пойтахтда ҳам, чет ҳудудларда ҳам қизғин муҳокамалар марказига айланди. Шаҳарнинг марказида жойлашган яроқли ғиштли уйларнинг бузилиши, шунингдек, яқин орада кутилаётган Москва марказидаги қрилишлар кўламининг кўпайиши ҳам саволларни юзага чиқармоқда. Лекин, маълум бўлишича, ёши 50 йилдан ошиқ бўлган уйларни бузмасдан, аҳолини кўчирмасдан ҳам мазкур уй-жой биноларини замонавийлаштириш мумкин экан. Шундай жойлардан бирига мисол сифатида Бордо, Франциядаги шаҳарни келтириш мумкин.
Ўтган асрнинг 50–70-йиллари кўп мамлакатлар аҳолиси учун кўп қаватли панелли қурилишлар даври бўлгани билан эсда қолган. Аҳолининг кўп қисми эҳтиёжларини қондириш учун кам харажатли турар жойлар қурилиши АҚШ, Европа, Хитой ва бошқа кўплаб мамлакатларда давлатнинг уй-жой билан таъминлаш дастурининг бир қисми эди. Майдони катта бўлмаган, лекин мазкур давр учун ўта қулай бўлган панелли уйлар ёш оилалар, ёлғиз яшовчи нафақадагилар ва кам таъминланган оилаларнинг уй-жой билан боғлиқ муаммоларига ечим бўлган. Аммо 40–60 йил аввал шодиёнага сабаб бўлган уйлар бугунда эскириб қолган.
Бордода, Европанинг кўпгина шаҳарларида бўлганидек, етарли даражада кўп қаватли панелли уйлар мавжуд. Улар ҳали мустаҳкам ва муҳандисларнинг хавфсизлик талабларига сабаб бўлаётгани йўқ. Аммо ҳозирги замон талабларига жавоб бера олмайди. Шу сабабли шаҳар раҳбарияти кўп қаватли уйларни реконструкция қилиш борасида лойиҳа ишлаб чиқиш учун танлов эълон қилди ва 2017 йилда учта панелли уй биносини аҳолини кўчирмасдан таниб бўлмас даражага келтирди.
Бу асосан панелли уйлардаги квартираларнинг ташқи деворларини бузиш, уларни ҳаракатланувчи ойнакли эшиклар билан алмаштириш ва уларга қўшимча майдон қуриш орқали кенгайтириш ишлари амалга оширилди. Пайдо қилинган майдондан қишки боғ ёки ойналанган айвон сифатида фойдаланиш мумкин. Асосийси, бу квартира майдонини кенгайтиради ва турар жойни қулайлаштиради. Шу усул билан 530 хонадон замонавий ҳолга келтирилди.
Панелли турар жойларни қайта қуришга муваффақиятли ёндошган иккинчи мамлакат Германиядир. Германиядаги Лайнефельд шаҳрида ўтган асрнинг 90-йилларида 3–5 қаватли бир нечта панелли уйлар қайта қурилган. Меъморлар янги квартиралар Бордодагидан анча кенгроқ ва ёруғроқ бўлишига ҳаракат қилган. Айрим ҳолатларда баъзи бир панелли уйларда кўламлироқ қурилиш ишлари олиб борилиши уларни замонавий кошоналарга айланишига имкон берган.
Россияда ҳам эскириб қолган беш қаватли уйларни қайта қуришнинг муваффақиятли мисоллари бор. Москва ва Калининграддаги панелли уйларнинг майдонини кенгайтирилиши ва фасаднинг тубдан ўзгартирилиши ҳисобига эски бинолар янгича кўриниш олди. Айниқса Калининграддаги панелли уйларнинг қисқа фурсатда меъморчиликнинг ҳақиқий нодир намунасига айлантирилгани фикрлашга ундайди.
Бундай ўзгаришлар шаҳар бюджетини тежабгина қолмай, кўпгина экологик муаммоларни бартараф қилиш имконини берди. Ахир бутун бошли даҳадаги уйлар бузилиши электр энергиясини, шунингдек, катта ҳажмдаги қурилиш чиқитларни қайта ишлаш харажатларини талаб қилади. Бу эса ҳозирда кўп мамлакатларда чиқиндилар йиғиладиган майдон етишмаслиги муаммо бўлиб турган бир вазиятда мазкур усул муаммоларни ҳал қилишнинг шубҳасиз энг қулай ечими ва афзаллигидир.
Изоҳ (0)