Германия ҳамда Европа Иттифоқининг етакчи сайёҳлик каналларидан бири «Sonnenklar.TV» Ўзбекистонга саёҳатни тарғиб қилишни бошлади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.
Бу жараён 2019 йил охирига қадар немис ва бошқа Европа мамлакатлари томошабинларига кенг ва мақсадли ахборотни тақдим этишга мўлжалланган бўлиб, сайёҳлик имкониятлари, мамлакатнинг тарихий шаҳарлари ва жаҳонга машҳур туристик марказларига кенг ва мақсадли ахборот тақдим этишга мўлжалланган. «Sonnenklar.TV» телеканали ҳар ойда 40 миллиондан зиёд уй хўжаликлари ҳамда 41 миллионга яқин онлайн аудиторияга эга.
Эътиборлиси шундаки, Ўзбекистон ҳақида эълон қилинган материал чиқишининг дастлабки соатларида 16 киши Ўзбекистонга сайёҳлик сафарлари учун тўловни амалга оширди.
Эслатиб ўтамиз, «Sonnenklar.TV» Германиянинг энг кучли тўртталигидан ўрин олган йирик тур операторларидан бири бўлган FTI Group сайёҳлик гуруҳига тегишлидир. Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Абдулазиз Аккулов раҳбарлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Геманиядаги элчихонаси кўмагида «ITB Berlin 2019» доирасида ўтказилган учрашувларда Ўзбекистон туристик салоҳиятини Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатларида кенг тарғиб этишга доир қатор келишувларни амалга оширилди.
Германия ҳамда Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик натижасида йил якунига қадар Ўзбекистонга минглаб сайёҳларнинг ташриф буюриши кутилмоқда.
Изоҳ (0)