Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 6-тури доирасида 27 апрель санасида навбатдаги 3 та учрашув бўлиб ўтади.
Мусобақа жадвалида 2-ўринда бораётган Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси ўз майдонида Навоийнинг «Қизилқум» жамоасини қабул қилади. Беллашув Тошкент вақти билан соат 17:30 да бошланади. Эслатиб ўтамиз, «темирйўлчилар» аввалги турда «Бухоро»ни мағлуб этган бўлса (2:0), «Қизилқум» эса «Қўқон-1912»га ютқазганди (0:1).
Шу куни Бекободнинг «Металлург» клуби Қўқоннинг «Қўқон-1912» жамоасига қарши майдонга тушади. Баҳсга 18:30 да старт берилади. Маълумот учун, бекободликлар 7 очко жамғариб, мусобақа жадвалида 7 ўринда бормоқда. Қўқонликлар эса 5 очко билан 13-поғонани эгаллаб турибди.
Куннинг сўнгги ўйинида мусобақада етакчилик қилаётган Шота Арвеладзе қўл остидаги Тошкентнинг «Пахтакор» жамаоси меҳмонда «Сўғдиёна»ни синовдан ўтказади. Ўйин соат 19:35 да бошланиши белгиланган. Таъкидлаш жоиз, «шерлар» 5-турда ўз майдонида кечган баҳсда «Динамо»ни таслим қилганди (2:0). Жиззахликлар эса «Металлург»ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратганди.
Суперлига
6-тур баҳслари
27 апрель, шанба
«Локомотив»—«Қизилқум» 17:30
«Металлург»—«Қўқон-1912» 18:30
«Сўғдиёна»—«Пахтакор» 19:35
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)