Фарғона вилояти Фурқат тумани Ғунча МФЙ Чек-чувалдоқ қишлоғида яшовчи фуқаро И. Нишонов бир неча йиллардан буён табиий газ ва электр энергиясидан уддабуронлик билан текин фойдаланиб келаётгани аниқланди. Бу ҳақда МИБ матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Хусусан, фуқаро Нишонов яшаш уйида ёғоч ўйиш ва унга қайта ишлов бериш ҳамда чорвачилик фаолияти билан шуғулланиб келиб, бунинг учун энг юқори электр қуввати талаб этадиган ускуналарни ўрнатган. Бир қараганда ҳаммаси рисолагидек, электр ва табиий газ ҳисоблагичлар ўз жойида, улар бўйича барча тўловлар ўз вақтида амалга ошириб келинмоқда.
Бироқ навбатдаги кўриклардан бирида юқори қувватли жиҳозларнинг тинимсиз ишлаётганлиги ва чорва ҳайвонларига озуқа тайёрлаш учун мўлжалланган цистернада табиий газ ёниб турганлиги МИБ ходимларининг эътиборини тортди. Газ ва электрни ҳисобга олиш приборлари орқали истеъмол қилинаётган энергия ресурслари ҳақиқий истеъмолга нисбатан кескин камлиги ходимларда шубҳа уйғотди.
Мазкур хонадонда ўтказилган тадбир жараёнида фуқаро Нишонов қарийб 3 йилларча олдин чорбоғ тарафдан қўшни ҳовлига ўтган симёғочдан алоҳида электр кабели тортиб, уни ўз томорқаси орқали 30 сантиметр ер остидан уйгача ториб келганлиги ва уй пойдевори остидан ҳам ўтказилиб, яшаш уйи пол остига алоҳида яширин нуқта қилиб олганлиги аниқланган. Мазкур нуқта орқали қонунбузар Нишонов қўшимча кабел орқали истаган юқори қувватли ускуналардан беминнат фойдаланиб келган.
Шунингдек, иккита уй деворлари орасидан ўтган табиий газ тармоғига оқ полиэтилен труба улаб, уни уйнинг том қисми орқали зарур жойларга тортиб келган ва полиэтилен трубани ҳеч ким кўрмаслиги учун унинг устига лой сувоқ қилиб уриб ташлаган.
Аммо Нишоновнинг барча кирдикорлари фош бўлди. У қилган ишига афсус ва надомат билдирса-да, лекин давлат манфаатларига етказилган жами 35 миллион 70,6 минг сўмлик зарарни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 1852-моддаси 6-қисмида назарда тутилган ўттиз кунлик муддатда қопламаганлиги сабабли унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Қонунбузар эндиликда қилган ишлари учун тергов органи олдида жавоб бермоқда.
Изоҳ (0)