Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Радиология тиббий тадқиқот миллий маркази бош директори, П.А. Герсен номидаги Москва онкология илмий-тадқиқот институти директори, академик Андрей Каприн бошчилигидаги онколог шифокорлардан иборат делегация Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда «Дарё»га Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Меҳмонлар Ўзбекистондаги Республика ихтисослашган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг Тошкент шаҳридаги филиали фаолияти билан танишди.
Соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов билан бўлиб ўтган мулоқотда бугунги кунда дунёда онкологик касалликлари билан касалланиш тобора ўсиб бораётгани таъкидланди. Маълумотларга кўра, ҳар йили дунёда 15 миллион нафарга яқин киши ушбу касаллик билан рўйхатга олинади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг прогнозига кўра, 2020 йилга бориб саратон касаллигига чалинган беморларнинг сони 16 миллионга етиши мумкин. Шунинг учун саратон касаллигига қарши кураш, бу борадаги муаммоларни ҳал қилиш комплекс ёндашувни талаб қилади. Бунда илғор хорижий тажрибани кенг жалб этиш муҳим аҳамият касб этади.
Дўстона руҳда ўтган учрашувда ўзбекистонлик ва россиялик ҳамкасблар ординатура, аспирантура ҳамда докторантура орқали етук онколог ва радиолог шифокорларни тайёрлаш, радиотерапия бўлимларида ишлаш учун тиббий физик мутахассисларни етиштириш, онкологларнинг Россия клиникаларида стажировкасини ташкил этиш орқали юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қатор қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди. Энг асосийси, бу борада П.А. Герсен номидаги Москва онкология илмий-тадқиқот институти ўзбек ҳамкасблари учун ўқишни бепул ташкил этишга тайёр эканлигини билдирди.
Мулоқот чоғида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида П.А. Герсен номидаги Москва онкология илмий-тадқиқот институти филиалларини очишга келишиб олинди. Бундан ташқари, илм-фан, телемедицина бўйича ҳафталик анжуманларни ташкил этиш, етакчи онколог-жарроҳлар билан биргаликда маҳорат дарслар ўтказиш, шунингдек, қўшма конференция, конгрес ва симпозиумларни мунтазам ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)