Фарғона вилояти 2-сектор раҳбари иштирокида Олтиариқ туманида сайёр қабул ўтказилди. Бу ҳақда Президент Халқ қабулхонаси «Дарё»га маълум қилди.
Қабул давомида 100 га яқин фуқароларнинг мурожаати тингланди ва 72 та ёзма мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди.
Мурожаатлар асосан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш, ишга жойлашиш, уй-жой, моддий ёрдам, йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда коммунал масалаларга оид бўлди.
Масалан, «Жўрак» қишлоғида яшовчи Қ.Хошимов ичимлик суви тармоғи тортиш, «Қапчуғай» қишлоғида яшовчи А.Парпиев тадбиркорлик учун ер майдони ажратиш, «Ижодкор» кўчасида яшовчи Ж.Раҳматов кредит ажратиш, «Содиқов» кўчасида яшовчи И.Исмоилов маҳалла қабристонини ободонлаштириш, «Чордара» кўчасида яшовчи А.Хомидов ҳажга бориш, «Бурбонлиқ» кўчасида яшовчи Х.Мадалиева яшаш уйига кадастр ҳужжати расмийлаштириш, «Зилха» қишлоғида яшовчи М.Хусанов электр ҳисоблагич ўрнатиш, «Қурбоши» кўчасида яшовчи О.Муминова пенсия расмийлаштириш, «Туркистон» кўчасида яшовчи М.Султанов ишга жойлашиш,«Пахтакор» кўчасида яшовчи Т.Маматқулов ногиронлик аравачаси бериш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Сайёр қабул жараёнининг ўзида 11 нафар фуқаро ишга жойлаштирилиши, 17 нафар фуқарога 3 миллион сўмга яқин моддий ёрдам берилиши, 10 нафарга яқин фуқароларнинг коммунал хўжалик билан боғлиқ муаммолари ҳал этилиши, 6 нафар вояга етмаганлар мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилиши, 3 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволанишга ётқизилиши, 2 нафари ортопедик оёқ кийим, 1 нафари ногиронлик аравачаси ва сиҳатгоҳга йўлланма берилиши таъминланди.
«Соғлиғимни тиклаш учун сиҳатгоҳга йўлланма олишда ёрдам сўрадим. Мурожаатим жойида ҳал этилиб, «Олтиариқ» сиҳатгоҳига бепул йўлланма берилди», — дейди «Қапчуғай» МФЙда яшовчи Г.Эргашева.
«Фарзандим учун махсус оёқ кийим олиш масаласида қилган мурожаатим жойида ҳал этилди», — дейди «Янгиқўрғон» қишлоғида яшовчи Д.Охунжонова.
«160 та хонадонни ичимлик суви билан таъминлайдиган тармоқни янгилашда ёрдам беришингизни сўрайман», — дея мурожаат қилди «Мустақиллик» кўчасида яшовчи А.Саидқулов.
Фуқаронинг мурожаати тааллуқли идоралар вакиллари иштирокида ўрганилиб, чора-тадбир белгиланди.
Сайёр қабулда шу каби кўплаб мурожаатлар кўриб чиқилиб, аксарияти жойида ҳал қилинди. Ечими маълум вақт талаб этиладиган мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотларга кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Изоҳ (0)