Nur Otan партияси раиси Нурсултон Назарбоев Қосим-Жўмарт Тўқаевни Қозоғистон президентлигига номзод сифатида кўрсатишни таклиф қилди, дея хабар берди Tengrinews.
«Nur Otan партиясининг раиси сифатида, мен кўриб чиқиш учун қурултой кун тартибига Қосим-Жўмарт Тўқаев номзодини Қозоғистон президенти лавозимига кўрсатиш масаласини киритаман. У билан кўп йиллар давомида биргаликда ишлаган инсон сифатида уни мамлакатда ушбу лавозимга энг муносиб номзод деб ҳисоблайман. Тўқаев мустақилликнинг илк йиллариданоқ турли жойларда мен билан бирга ишлаган. У Қозоғистон ташқи сиёсатини мен билан бирга қурган. Унинг дипломатик мақоми чет элда жуда қадрланади. У БМТ бош котибининг ўринбосари бўлиб, жуда тажрибали давлат сиёсатчиси бўлганини биласиз», — деди Назарбоев партиянинг навбатдан ташқари XIX қурултойида.
Назарбоевнинг таъкидлашича, Тўқаев Қозоғистон учун энг қийин даврда ҳукуматни бошқарган.
«1998 йили Осиёдаги инқирози даврида у иқтисодиётимизни қайта тиклашда иштирок этган. 1990 йиллар охири ва 2000 йилларнинг бошида у бир қанча муҳим ислоҳотларни амалга оширган ва шундан сўнг бизда иқтисодиётимизни ривожлантириш учун йўл очилди. Ўша йилларда у менинг Миллий жамғарма ташкил этиш тўғрисидаги ғоямни қўллаб-қувватлаган. Тараққиёт институтлари, уй-жой—жамғарма банки ишга тушган, ижтимоий модернизация йўлида илк қадамлар қўйилган. Янги пенсия тизими шакллантирилган. Сенат раиси сифатида у парламентаризм ривожи учун ҳам улкан ҳисса қўшган. Ўтган йиллар давомида у менинг содиқ сафдошим бўлди», — дея қўшимча қилди Қозоғистоннинг биринчи президенти.
Қурултой қарорига кўра, Қосим-Жўмарт Тўқаев бир овоздан президентликка номзод сифатида кўрсатилди.
«Биз бир қарорга келиб, Nur Otan партиясидан ягона номзодни аниқладик. Бир овоздан қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат. Биз бирлашиб, ушбу синовлардан ўтиб олишимиз зарур. Асримиз шиддатли. Илм-фан ва технология ривожланиб бормоқда. Ушбу асрда орқада қолмаслигимиз лозим. Бунинг учун эса бизга бирдамлик зарур. Биз мустақиллигимизни мустаҳкам ушлашимиз керак», — деди Нурсултон Назарбоев.
Маълумот учун, Нурсултон Назарбоев 20 март куни президентлик ваколатларини топширганидан сўнг, мамлакатга Сенатнинг собиқ раиси — Қосим-Жўмарт Тўқаев раҳбарлик қилмоқда.
Дастлаб Тўқаев Назарбоевнинг президентлик муддати якунига етгунига қадар — 2020 апрелигача президентлик қилиши таъкидланган эди. Аммо Тўқаев апрель ойи бошида мамлакатда 9 июнь куни навбатдан ташқари президент сайловлари ўтказилишини эълон қилди.
Изоҳ (0)