Қуръон китобининг ҳажми ва тахланиши жиҳатидан Марказий Осиёда энг нодир нусхаларидан бири Самарқандда сақланади, дея хабар беради «Zarnews».
Китоб Самарқанд қозикалони Мир Низомиддин Хожа ибн Мир Абдуғаффор Хожанинг маълумотига кўра, ҳижрий 1271 йилда (милодий 1854—1855 йилларда) Бухоро ҳукмдори Амир Насруллоҳ буйруғи билан самарқандлик котиб Мулло Ҳасан Самарқандий томонидан (сулс хатида Самарқанд қоғозига) кўчирилган. Унинг биринчи бетида Бибихоним масжидига вақф қилинганлиги ёзилган.
Кейинчалик Шоҳи Зинда мақбарасига ўтказилган. Бу китоб ҳижрий 1298 йилда (милодий 1881—1882 йиллар) ва 1339 йилда (милодий 1922—1923 йилларда) таъмирланган. Таъмирлаш ишларида Мулла Абдураҳмон Мирсолихов, Порсохожа Турсунхўжаев, рангги ўчган жойларини қайта ёзишда мулла Сайфиддин Абдусатторовлар қатнашган. 1939 йилда Шоҳи Зинда мақбарасидан олиниб, Самарқанд вилоят музейига топширилган.
«Қуръон» 104х156 сантиметр бўлиб, 32 варақдан иборат. Китоб унвони (номи) биринчи бетида бўлиб, зарҳал ҳарфлар билан ишланган. Ҳар бир бети бир-бирига уланган варақлардан иборат бўлиб, ёғочдан ясалган тўртбурчак бўлмаларга маҳкамланган. Бурчаклари тери билан қопланган.
Изоҳ (0)