«Дарё» ўтаётган ҳафтада дунё матбуотида кенг ёритилган, кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган мақолалар шарҳига тўхталиб ўтади.
Мюллер ҳисоботи: Дональд Трамп эркин нафас оладими?
CNN Мюллер ҳисоботи юзасидан мақола чоп этди. Деярли икки йил давом этган тергов-суриштирувдан сўнг махсус терговчи Мюллер ҳисоботи юзасидан АҚШ бош прокурори Уильям Бар матбуот конференцияси ўтказди. Афтидан, Бар бу ҳолатни Трамп учун фойдали қилиб кўрсатишга уринган кўринади, сабаби гоҳ-гоҳида унинг гаплари Трампнинг терговга эътирозидай янгради. Масалан, юзлаб гувоҳлар сўроқ қилиб бўлинганидан сўнг махсус прокурор Россия томони 2016 йилги президент сайловига ноқонуний аралашувлар бўлишига ёрдам берганини тасдиқлади, аммо у Трамп ва Трампга яқин доираларнинг руслар билан тил бириктирган ҳолда ҳаракат қилганига доир маълумотларни қўлга киритмаганини баён қилди.
Бар қайта ва қайта Трамп ҳамда Оқ Уй ҳар тарафлама махсус прокурор билан ҳамкорлик қилишга уринганини ҳам таъкидлади (аслида Трамп Мюллер ва унинг гуруҳини қаттиқ танқид қилган).
Шубҳа йўқки, Бар матбуот конференциясида Трампга маъқул келадиган ишни қилди. У келишув бўлмаслигини билдириб, Мюллер терговининг боришига тўсқинлик бўлгани ҳақида ёзганлари борасида хавотир билдирди. Мюллер Трампни тергов боришида ҳамкорлик қилишга уринган, ҳеч нарсани яширмаган шахс сифатида тасвирлайди. Трампнинг ўзи ҳам уни Мюллердай ҳимоя қила олмас эди.
Бар Мюллер терговининг боришига Трамп томонидан ўн мартага яқин тўсқинлик ҳолати кузатилганини айтди. Аммо шу заҳотиёқ Трамп мисли кўрилмаган қийин аҳволда қолганини ҳам очиқлади. Президент ўзига нисбатан бўлаётган сиёсий ҳужумлардан ҳаяжонга тушгани ва ғазаблангани боис ўзини шундай тутган бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Бу билан ҳали демократлар билан давом этадиган курашда Трамп ва унинг тарафдорларига ўзларини ҳимоя қилиш учун яхшигина баҳона топиб берди.
Трамп Трамплигича қолди ва Twitter’да Россия билан ҳеч қандай битим бўлмаганлиги ҳақида шундай твит ҳам қолдирди: «Бу барча замонларнинг энг буюк сохталаштириш воқеаси». Барча айбни эса Ҳиллари Клинтон, полиция, демократлар партиясига юклади.
Россия Трампнинг президентликка сайланишини фойдали деб ҳисоблаган ва шу йўлда ҳаракат қилган, лекин бу Трамп ва унинг сайлов штаби Россия томони билан битим асосида ҳаракат қилган дегани эмас. Ҳеч қандай битим бўлмаган.
Демократлар эса курашдан тўхтагани йўқ. Улар ҳали ҳисоботнинг эълон қилинмаган нуқталари бўйича курашни давом эттиради.
Европа ватанпарварлиги
«Озодлик ва тенглик бирор кун албатта миллатни яратади. Бугун ҳам агар Европа Иттифоқи ўзининг аниқ чегараларига эга бўлса, дўсту душманларини аниқ ажратиб олса, Европани бирлаштириш мумкин», — деб ёзади Die Welt нашри.
Нашр Европа халқларининг миллат бўлиб шаклланиш тарихига назар ташлайди ва бугунги Европа Иттифоқига диққатни қаратади.
«Миллатчилик — муваффақият тарихидир». Ўзинини юксалтириш, империализм ва, энг даҳшатлиси, урушлар ҳам ундан бошланади. Лекин АҚШ ва Германия, Франция ва Испания, Япония ёки Жанубий Кореядаги энг ҳаётий, барқарор демократиялар ҳам миллатчиликка бориб тақалади. Биз бу муваффақият тарихини Европа даражасида такрорлашимиз лозим. Кимки бугунги Европа Иттифоқига қараса, бир вақтлар бири-бири билан ўзаро кураш олиб борган, бир-бирини ўлдирган, лекин айни пайтда ҳамкорлик қилишга уринаётган миллатлар ҳамдўстлигини кўради. Кўп европаликлар Европа Иттифоқидан кўра ўз халқига яқинроқ эканлигини ҳис қилиб яшайди. Бу бир вақтлар кичик немис давлатлари ягона немис халқидан афзал бўлгани кабидир. Худди шунинг учун айни пайтда Европада миллатчилик кайфияти кучайиб бормоқда. Бу ҳозирча янги урушларга олиб келгани йўқ, лекин аниқки, у Европани заифлаштириб ҳам қўймоқда. Қанчалик ғалати туюлмасин, Европани янада мустаҳкамлайдиган куч бу яна ўша миллатчиликдир. Европа миллатчиликдан тўғри сабоқ чиқариши керак. XIX асрда миллий бирлик вужудга келганидай, эндиликда қитъавий бирлик ғояси пайдо бўлиши керак.
Европа миллатчилиги дин, миллат, ирққа асослана олмайди, сабаби булар янги урушларга йўл очиб беради. Европа миллатчилиги озодлик, тенглик, ҳокимиятлар ажратилиши қадриятларига асосланиши керак. Анча бўлди, Европа халқлари шу тамойилларга асосланган ҳолда идора қилинмоқда, шу тамойилни барча жойда ёймоқда. Фақат ишонч ва изчиллик билан бирлаштирувчи миллатчилик тамойилини илгари суриш керак. Шундагина Европа Иттифоқида ҳақиқий бирлик, ягона Европа солиқлари, ягона ижтимоий имтиёзлар ҳақида сўз очишга имкон бўлади.
Бирликнинг ягона шарти эса Европанинг аниқ чегараларини белгилаб олишдир. Миграция ортидан юзага келаётган таҳдидлар миграция борасида ҳам умум фикр, бирлик асосидан келиб чиқиши керак.
Германия газ қувурлари йўлакларини қуриб, Шарқий Европадаги дўстларини заифлаштирмоқда. Европа ким дўст, ким душман эканини аниқ белгилаб олиши лозим. Италия Хитой диктатурасини ёқлаб, «Буюк ипак йўли» лойиҳасига қўшилмоқчи. Шундай муаммоли вазиятлар Европа ватанпарварлиги руҳини вужудга келтирармикин… Фақат умид қилиш мумкин.
Европа ўз қадриятларини Европа ичида ҳам ҳимоя қилиши керак. Демократик тартибни бузаётган давлатларга нисбатан кескин чоралар кўриш лозим. Бу чоралар асоси кучли, бирдам, мустаҳкам бўлган Европа учун асос бўлади. Саудия Арабистони ўзининг радикал диний қарашларини Болқонга олиб киришга уринаётган экан, Европа ўзини ҳимоя қилиши керак.
Одамлар ўзларини италиялик, француз, немис деб ҳис қилишдан тўхтагандагина европалик, европача ватанпарварлик, европа миллий ғурури, европача бирлик ҳисси пайдо бўлади.
Россия иқтисодиёти ҳақида 13 факт
Англо-саксон оламида 13 рақами беҳосият рақам бўлса-да, АҚШда чоп этиладиган Business Insider нашри Россия ҳақида 13 қизиқарли фактга алоҳида урғу бериб мақола чоп этди.
Иккинчи жаҳон уруши якунлангач, СССР дунёнинг энг йирик давлати, АҚШ билан рақобатлашадиган давлатга айланди.
Совет Иттифоқи парчалангач, Россия ўз иқтисодиётини янги ўзанга солишга тўғри келди. Қаердадир ютуқлар, қаердадир камчиликлар кўзга ташланди. Кўпроқ иқтисодий танглик парчаланган Россия осмонида қора булутдай эргашди.
Ҳозирда Россия яна бой берилган қудратга талабгор, аммо нефтга ва газга қарамлик, демографик инқироз ва инфляция ҳамроҳи бўлган рубль тўсиқ. Келинг фактларга тўхталайлик:
1) Россия ҳар куни 700 кишидан айрилмоқда. Euroasia Daily Monitor кузатувларига қараганда, Россия ҳар куни 700 киши, йилига эса 250 минг аҳолисидан айрилмоқда. Айрим шаҳарларда, масалан, Мурманскда аҳоли 30 фоизга камайган. Камайиш асосан аҳолининг кексайиши, миграциянинг салбий ҳиссаси ва ҳукуматнинг ноқобил соғлиқни сақлаш ҳамда озиқ-овқат сиёсати билан изоҳланади. Демографик инқироз анча йилларга чўзилади;
2) Россия захирасида 460 миллиард доллар бор. Бу дегани рус ҳукумати қўл остида 460 миллиард долларга тенг валютани ушлаб турган ҳолда ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 29 фоизини ташкил этади. Импортни қоплаш 15,9 ойни ташкил этмоқда;
3) СССР парчалангач, кейинги ўн йилликлар ичида Россия иқтисодиёти 45 фоизга қисқарди;
4) Нефть ва газ Россия иқтисодининг 59 фоизини ташкил этади. Россия нефтга бой эса-да, унинг бу захирага тобелиги унинг иқтисодиётида салбий акс этади. Reuters агентлигининг маълумотига кўра, ўтган йил охирларига келиб Россияда кунига нефть қазиб олиш 11,6 миллион баррелга етган. Газ экспорти бўйича даромад бутун иқтисоднинг 25 фоизини ташкил этмоқда;
5) Русларнинг 13 фоизидан кўпроғи қашшоқликда умр кечирмоқда. Бу, Irish Times маълумотларига кўра, аҳолининг 19,3 миллиони қашшоқдир дегани;
6) Россияда етмишдан ортиқ миллиардер бор. Мулкий тенгсизлик эса ўта юқоридир. Миллиардерларнинг аксари ўз миллиардларига 90 йиллардаги коррупция авж олган бир даврда эга бўлган. Бу бойваччалар ўз бойлигини спорт клубларини сотиб олиш учун харж қилади;
7) Рубль энг тез қадрсизланаётган валюта бўлиб қолмоқда. Сўнгги уч йиллик давр ичида рублнинг қадри икки баравар қадрсизланди;
8) Россияда ўртача иш ҳақи 670 долларни ташкил этади. Иқтисодий ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Россия юқори ўнталикка киради. Шунга қарамасдан, иш ҳақининг ўртача миқдори ўта паст даражада;
9) Россия мебель бозорининг 20 фоизи Ikea’га қарайди. Швед мебел компанияси ўзининг илк дўконини 2000 йилда очган эди. Рус ҳукумати қанчалик хасислик қилишига қарамасдан, Ikea рус мебель бозорининг 20 фоизи эгасидир;
10) Россияда ароқ ичиш кейинги 20 йил ичида 50 фоизга қисқарди. Руслар кўпроқ пиво ва шароб ичмоқда;
11) Россиядаги Асбест шаҳри ўтган йили 315 минг тонна асбест ишлаб чиқарди. Асбест соғлиқ учун ўта хавфли бўлса-да, экспорт сурати ошиб бормоқда;
12) Рус ҳукумати Зимбабве олмослари учун чорак миллиард доллардан кўпроқ сармоя киритди. Россия Африкада таъсир доирасини кенгайтириш учун бу қитъага кўплаб миқдорда сармоя киритмоқда.Биргина январь ойининг ўзида руслар Зимбабвега 26 миллион доллар сармоя тикди;
13) Аҳоли даромадлари рубль инфляцияси юз бераётган бир вазиятда қишки олимпиадага 50 миллиард доллар, футбол чемпионатига 11 миллиард доллар маблағ сарф этди.
Сабрли бўл, буюк рус халқи!
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади
Изоҳ (0)