Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ташаббуси билан Корея Республикасининг малакали шифокорлари иштирокида туғма юрак нуқсони бўлган бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш ташкил этилди, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
«Соғлом авлод учун» фонди томонидан мамлакатда аҳоли репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида беморларни республика клиникалари, тиббиёт марказлари ҳамда чет элда соғломлаштириш борасида самарали ишлар қилинмоқда.
Мазкур йўналишда Германиянинг Friedensdorf International халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг Пундан Ча университети госпитали, Инҳа университети госпиталларида туғма юрак нуқсони, терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан оғриган ўзбекистонлик бемор болалар бепул соғломлаштирилмоқда.
Корея Республикасининг Junior Chamber International — JCI халқаро ёшлар ташкилоти вакиллари ва Ча университети қошидаги Пундан Ча ҳамда «Седжонг» госпиталлари фонднинг асосий ва ишончли ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ўтган давр мобайнида мазкур госпиталларда хайрия йўли орқали 45 нафар ўзбекистонлик болада жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, улар соғломлаштирилди.
Junior Chamber International — JCI халқаро ёшлар ташкилоти ва «Седжонг» госпиталидан мутахассис ва врачлар жорий йилнинг 16—19 апрель кунлари Ўзбекистонда бўлиб, туғма юрак нуқсони ташхисли бемор болаларни умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Шунингдек, делегация вакиллари тасдиқланган режага кўра, Ўзбекистон Корейс маданият марказлари уюшмасига, Сежонг номидаги корейс тили мактабига, «Ариранг» пансионатига, Ким Пен Хва номидаги музейга, Тошкент шаҳридаги Корея таълим марказига, Ўзбекистондаги Корея Республикаси элчихонасига ташриф буюради.
Тиббий кўрик натижаларига кўра, аҳволи оғир деб топилган бемор болалар Корея Республикаси нуфузли клиникаларида соғломлаштирилади.
Изоҳ (0)