Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида яна бир замонавий ўқув бино фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Дарё»га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бинони топширишга бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов ҳам иштирок этиб, мазкур ўқув биносида курсантлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Таъкидлаш керакки, бу ерда мавжуд моддий ўқув база курсантларнинг назарий билимларини дала ўқув майдонларига чиқмасдан туриб амалда мустаҳкамлаш имконини беради. Жанговар техникаларнинг назорат ўлчов асбобларини текшириш, уларни бошқариш, нишонларни мўлжалга олиш бўйича илк кўникмаларни оширишда ушбу комплекс тренажёрларнинг ўрни беқиёс.
Мудофаа вазири Академияда жорий йилдан фаолияти йўлга қўйилган илмий взвод ҳарбий хизматчилари олиб бораётган янги лойиҳалар билан ҳам яқиндан танишди. Хусусан, подполковник Бекзод Сулоймоновнинг лойиҳаси барчани эътиборини тортди. Ушбу қурилма учувчисиз учиш аппаратлари ва дронларга қарши қўлланилади. Яъни, қурилма қўлланилган заҳоти ҳавода ҳаракатланаётган дрон ёки учувчисиз учиш аппаратлари ишдан чиқади. Ҳозирги пайтда мазкур лойиҳани янада такомиллаштириш буйича иш олиб борилмоқда.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Академия профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти ва услубий кўникмаларини янада такомиллаштириш, кенг дунёқаршга эга бўлган офицерларни тайёрлаш, уларнинг лидерлик қоблиятини ошириш каби масалаларга бағишланган анжуман ҳам ўтказилди. Мудофаа вазири томонидан келгусида амалга ошириш лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Изоҳ (0)