Uzbekistan Airways авиапарки тўртинчи Boeing 787−8 Dreamliner самолёти билан тўлдирилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Uzairways 

13 апрель куни кечқурун «Орзу лайнери» Эвереттедаги (Вашингтон штати, АҚШ) Boeing заводидан тўхтовсиз парвозни амалга оширган ҳолда Тошкент аэропортига келиб қўнди.

Янги самолётга аввалги учта Boeing 787−8 Dreamliner каби ёнилғи сарфлаш самарадорлигини ошириш, шовқин даражасини пасайтириш ва атмосферага зарарли газлар ажраб чиқишини камайтириш имконини берувчи двигателлар ўрнатилган.

Авиалайнер бизнес-классда 24, эконом-классда 222, жами 246 нафар йўловчини ташишга мўлжалланган. Самолёт саҳни қулай ва кенг ўриндиқлар, янги пол қопламлари, ёритиш ва товуш изоляцияси, индивидуал кўнгилочар дастурли HD сенсор мониторлар билан таъминланган.

Фото: Uzairways 

Лайнерга интернетга кириш ускуналари ўрнатилган. Бу Uzbekistan Airways компаниясининг иккита A320нео самолётидан кейинги учинчи «Бортда интернет» хизматидан фойдаланиш мумкин бўлган ҳаво кемасидир.

Dreamliner’нинг Марказий Осиёдаги биринчи буюртмачиси бўлган Ўзбекистон миллий авиакомпанияси уларнинг тижорий эксплуатациясини 2016 йилда бошлаган. МАКнинг ривожланиш режаларига мувофиқ, авиапарк ушбу русумдаги 6 та самолёт билан тўлдирилади ва Узаирwайс МДҲда бундай самолётларнинг етакчи фойдаланувчисига айланади.