9 апрелдан бошлаб Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб машғулоти бошланган. Қуролли Кучларнинг барча таркибий қисмлари томонидан биргаликдаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича ўтказилаётган машғулотлар 13 апрелга қадар давом этади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги «Дарё»га хабар берди.
Машғулотларга Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва бошқа бўлинмалари, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, маҳаллий ҳокимият ва ўзини ўзи бошқариш органларининг куч ва воситалари жалб этилган.
Бугун, 11 апрель куни Шарқий ҳарбий округининг бир нечта полигонида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машғулоти режасига мувофиқ куч тузилмаларининг минтақадаги вазият беқарорлигининг олдини олиш ҳамда чегараолди ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктларида жамоат тартибини сақлаш бўйича ҳаракатига оид масалалари амалда кўриб чиқилди.
Ўқув машғулоти Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғининг раҳбарлигида ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)