Қозоғистон пойтахтидаги «Остона» темир йўл вокзали «Нур-Султон темир йўл вокзали»га ўзгартирилди, деб хабар бермоқда Sputnik.
Бу ҳақда тегишли қарорни республика бош вазири Аскар Мамин имзолади. «Қозоғистон Республикаси ҳукумати қарор қилади: «Остона» темир йўл вокзали номи «Нур-Султон темир йўл вокзали»га ўзгартирилсин», — дейилган ҳужжатда.
2017 йилда ҳукумат қарори билан Остона халқаро аэропорти «Нурсултон Назарбоев» халқаро аэропортига ўзгартирилганди.
Қозоғистонда шу йилнинг 9 июнь куни навбатдан ташқари президент сайлови бўлиб ўтиши маълум бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев фуқароларга мамлакат телеканаллари орқали мурожаат қилди.
«Мен Элбоши Нурсултон Назарбоев билан маслаҳатлашдим, шунингдек, ҳукумат, парламент, Констититуцион кенгаши раҳбарлари ва партия аъзолари билан учрашув ўтказдим. Навбатдан ташқари сайлов ўтказиш тўғрисидаги қарор – жуда зарур ва муҳим бўлган қадамдир. Мен 2019 йил 9 июнь куни навбатдан ташқари президент сайлови бўлиб ўтиши тўғрисида қарор қабул қилдим», — деди Тўқаев жонли эфир чоғида.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 19 март куни истеъфога чиқишини маълум қилган эди. Сайловгача Қозоғистон президенти вазифасини Парламент Сенати спикери Қосим-Жомарт Тўқаев бажариб туради.
Изоҳ (0)