Жорий йилнинг 31 март—6 апрель кунлари Ўзбекистон делегацияси таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Германияга ташриф буюрди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Делегация таркиби Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Касб-ҳунар таълими маркази, Касб-ҳунар таълими тизимидаги ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, ЎзDJТУ қошидаги хорижий тилларни ўқитишнинг инновацион усулларини ривожлантириш Республика илмий-амалий маркази, Давлат тест маркази мутахассисларидан ташкил топган.
Ташриф доирасида делегация вакиллари Берлин ва Бранденбург шаҳарларида Германия Федератив Республикасининг Маданият ва таълим вазирлиги, Сенатнинг таълим, ёшлар ва оила соҳасидаги бошқаруви, Берлин касб-ҳунар таълими Маркази, Постдамдаги Гумболд гимназияси, Берлиндаги билингвистик мактаблари, таълим соҳасида сифатни яхшилаш институти, Берлин Бранденбург мактаб медиа институтларида учрашув ва музокаралар ўтказган.
Шунингдек, А. Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда Берлин Бранденбург мактаб медиа институти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилган.
Берлин техника университети билан Германия федерал таълим тизимининг тузилиши, мактаб, ўрта таълим турлари, университетларга кириш, ПИСА халқаро баҳолаш тартиби бўйича немис тажрибаси, назарий ва амалий жиҳатлари муҳокама қилинган.
Ўзбекистон делегацияси, шу билан бирга, Германиядаги ўқув дастурлар, ўқув режалар ва якуний мактаб имтиҳонларига қўйиладиган ягона талаблар, уларнинг касбий тайёргарлиги каби масалалар бўйича маълумот олган ва тажриба алмашилган.
Семинар якунида гуруҳ иши натижалари баҳоланиб, таҳлил қилинган. Ўзбекистон билан Германия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик ишларини ривожлантириш мақсадида лойиҳалар кўриб чиқилган.
Хусусан, таълим соҳасида немис педагогик технологияларидан самарали фойдаланиш, жумладан: «Мактаблар келажак ҳамкорлари» ташаббуси (PAСЧ), Ўзбекистонда нуфузли университетларнинг филиалларининг очилиши, немис тилини чуқур ўрганиш ва Германиянинг етакчи олий ўқув юртлари билан алоқаларни ривожлантириш бўйича мактаблар тармоғини кенгайтириш истиқболлари режалаштирилган.
Изоҳ (0)