Сан-Францискодан сўнг Франкфурт-Майндаги амалий санъат музейида «Замонавий мусулмон модаси» экспозицияси намойиш этилди, деб Sputnik хабар қилади.
У ерда дунёнинг етакчи модельерлари томонидан яратилган либослар ва аксессуарлар, буркини ва турли ҳижоблар намойиш этилди. Кўргазмада энг яхши мусулмон спортчилари ёрдамида ишлаб чиқилган спорт либослари ҳам тақдим этилди.
Франфурт музейи директори Маттиас Вагнернинг таъкидлашича, ушбу кўргазма — аёллар рўмоллари кўргазмаси эмас. Унинг мақсади — барча стереотипларни барбод қилиб, мусулмон модасининг кўп қиррали ва креатив томонларини очиб бериш. Бу, унинг фикрича, мусулмон маданиятининг позитив қабул қилинишида катта рол ўйнайди.
«Ёш мусулмон хотин-қизлар модага амал қилиш, бироз очиқ ёки бироз ёпиқ либос кийиш, ҳижобда юриш-юрмаслик ҳуқуқини ўзлари ҳал этишга ҳақли», — дейди Вагнер. Шунингдек, либос танловида ҳам эркинлик бўлиши лозим деган фикрда у.
Сўнгги бир неча ўн йилликда мусулмонча либослар модалари шиддат билан тараққий этмоқда, у янада ёрқин ва жилобахш бўлмоқда.
Бу мода — аксарият ҳолларда ҳижоб тақиш эмас, балки узун енгли либослар ёки узун юбкаларда намоён бўлмоқда.
Бу модани шунингдек, камтарин мода, деб ҳам аташади.
Франкфурт-Майндаги амалий санъат музейидаги кўргазма 15 сентябрга қадар давом этади, шундан сўнг у Роттердам ва сўнгра Нью-Йоркка йўл олади.
Изоҳ (0)