3 апрель куни Тошкент шаҳрида атроф-муҳитни ҳимоя қилиш масалаларига қаратилган йирик тадбирлардан бири ўз ишини бошлади. Марказий Осиё мамлакатларида иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган конференция икки кун давомида, яъни 3—4 апрель кунлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Мазкур тадбирда иқлим ўзгариши таъсирларига қарши чора-тадбирлар муҳокама қилиниб, бунда иштирокчилар диққати минтақада мавжуд бўлган устувор масалаларга қаратилган.
Конференция очилишида Жаҳон банки директори вазифасини бажарувчи Кристалина Георгиева тадбир иштирокчиларига видео-мурожаат билан чиққан.
«Бу каби йирик йиғилишлар муҳим ҳаётий аҳамиятга эга бўлиб, улар бизга Марказий Осиё ҳудуди ҳамда дунё миқёсида иқлим таъсирини юмшатиш ва иқлимга мослашиш муаммоларини биргаликда йиғилиб ҳал қилиш учун имкон яратади. Минтақада содир бўлаётган муз эриши, ҳаво ҳарорати кўтарилиши, сув тошқинлари ва кўчкилар содир бўлаётганини кўришимиз мумкин. Бу омиллар эса ер ҳолатига, экин ҳосилдорлигига ва сув сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ва бу албатта, инсонларнинг турмуш шароитларини мушкуллашишига олиб келмоқда. Мана шу сабабли, сизнинг бу соҳада олиб бораётган саъй-ҳаракатларингиз беқиёс аҳамиятга эга», — дейди Кристалина Георгиева.
Мазкур конференция ишида иқлим ўзгариши соҳасида фаолият юритувчи давлат муассасалари, илмий доиралар, ёшлар, халқаро ва ҳудудий ҳамкорлар, кўптомонлама ривожланиш банклари ва жамоат ташкилотларининг 400 га яқин вакиллари фаоли иштирок этган.
«Иқлим мониторинги маълумотларига кўра, сўнгги йилларда иқлим ўзгариши билан боғлиқ бўлган салбий ҳолатлар кўлами ошиш ҳолатлари кузатилиб, бу ҳолат Марказий Осиёда сув ресурсларининг тақчиллиги, қурғоқчилик, сел келиши, иссиқлик тўлқинлари, чанг бўронлари ва шу каби бошқа хавфли табиий офатларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда», — дея ўз маърузасида таъкидлайди Бахриддин Нишонов.
Орол денгизи ҳавзасида иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш Дастури (CAMP4ASB лойиҳаси), Жаҳон банки, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ижроия қўмитаси, Ўзгидромет ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази тадбир ташкилотчилари ҳисобланади. Мазкур лойиҳа доирасидаги илк конференция 2018 йил 24—25 январь кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилган.
Марказий Осиё мамлакатларида иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган конференция қуйидаги бешта пленар йиғилишни ўз ичига олади: (1) Глобал иқлим сиёсати ва миллий мажбуриятлар; (2) Иқлим ўзгаришининг таъсири ва глобал/минтақавий шароитга мослашиши; (3) Иқлимий хизматлар; (4) Иқлим ўзгариши соҳасидаги технологиялар ва амалиётлар ва (5) Иқлимий молиялаштириш.
Доктор Искандар Абдуллаев Марказий Осиёдаги сув ресурсларининг иқлим ўзгаришига нисбатан жуда заиф эканлигини айтган. Иқлим ўзгаришларининг сув ресурсларига кўрсатаётган салбий таъсири туфайли қишлоқ хўжалиги ва энергетика тизмида экотизимларнинг сув билан таъминланиши даражаси сезиларли равишда қисқариб бормоқда. Дунё миқёсида ҳаво ҳароратининг 4° C га кўтарилиши суғориш сувларига бўлган талабнинг тахминан 30% га ошишига олиб келади. Минтақада мавжуд бўлган музликлар майдони ХХ аср бошидаги кўрсаткичларга нисбатан ўз ҳажмининг учдан бир қисмига қисқарган. Доктор Абдуллаевнинг сўзларига кўра, ҳаво ҳароратининг 2° C га кўтирилиши музликлар майдонини 50% га, 4° C гача кўтарилиши натижасида эса 80% гача қисқартириб юборади.
Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг Ижроия Қўмитаси раиси Гуйзгелди Байжанов сўнгги уч йил давомида жаҳон ҳамжамияти ўртасида иқлим сиёсати бўйича сезиларли силжиш кузатилганини таъкидлаб ўтган.
Изоҳ (0)