2019 йил 25 мартдан 29 мартга қадар Вашингтондаги Жаҳон банкининг бош офисида Жаҳон банкининг «Ер ва ҳаёт кўрсаткичи» мавзусида 20-халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси хабар берди.
Мазкур тадбирда Қўмитаси раиси ўринбосари Мақсуд Рузметов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этган. Таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу тадбир ер ресурсларини бошқариш соҳасидаги кенг миқёсдаги халқаро конференциялардан бири бўлиб, унда 1500 давлат бошқаруви ходимлари, олимлар, фуқаролик жамияти аъзолари иштирок этган.
Конференция мобайнида Ўзбекистон делегацияси Фазовий маълумотлар инфротузилмасини яратиш бўйича йиғилишларда иштирок этиб, раис ўринбосари Мақсуд Рузметов ва ЛХ (Корея) компанияси президенти Чанг Ҳак Чой билан Ўзбекистон ер фондининг сифат ва миқдорий кўрсаткичларини график ва қонуний ҳисобга олишни автоматлаштириш учун мўлжалланган ер ахборот тизимини яратиш бўйича учрашуви бўлиб ўтган.
Конференциянинг учинчи куни Осиё мамлакатлари делегациялари йиғилишида М.Рузметов Ўзбекистонда ер тузиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва лойиҳалар тўғрисида тақдимот қилган.
Конференция давомида делегация Флорида штати (АҚШ), Мельбурн (Австралия), Твенте (Голландия), Прага (Чехия) университети профессорлари ҳамда Финляндия миллий ер хизмати мутахассислари билан учрашган. Учрашувларда Қўмита мутахассислари томонидан жойлардаги маълумотлар инфратузилмасини ривожлантириш, 3D кадастр яратиш, фотограмметрия, илмий иш, ушбу соҳаларда пилот лойиҳаларни ташкил этиш имкониятлари, ўқув тизимлари ва баҳолаш тизимидаги ҳамкорлик масалалари бўйича ўқитиш, қисқа курсларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинган.
Изоҳ (0)