Темурийлар тарихи давлат музейида Соҳибқирон Амир Темурнинг қош толалари, Шоҳрух қабридан чиққан мато, Мироншоҳ қабридан чиққан мунчоқ бўлаклари, Улуғбек белбоғидан парча, Бибихоним қабридан чиққан тақинчоқ сақланади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
«Маълумки, 1941 йил Қори Ниёзий бошчилигидаги комиссия томонидан Соҳибқирон қабри очилган ва мутахассислар томонидан ўрганилган. Унда Соҳибқирон Амир Темурга тегишли қош толалари топилган. Дунёда ягона экспонат бизнинг музейимизда сақланади. Музейда сақланаётган экспонатлар орасида Мирзо Улуғбекнинг ипакдан тўқилган белбоғи парчалари ҳам бор», – дейди музей фонд бўлими мудири Наргис Холова.
Шунингдек, экспонатлар орасида Амир Темур кафанининг парчаси ҳам бўлиб, унда сура ёзилган, у сув таъсири ҳисобига анчайин эскирган. Бундан ташқари, музейда Шоҳрух қабридан чиққан мато бўлаги, Мироншоҳ қабридан чиққан мунчоқ бўлаги, Бибихоним қабридан чиққан тақинчоқ ҳам сақланади. Уларнинг барчаси Амир Темур мақбарасидан топилган ва 1996 йил тегишли буйруқ билан музейга келтирилган. Музей таъмирланаётган вақт экспонатлар бир муддат музей фондидда сақланган ва яқинда яна экспонатлар қаторидан жой олган.
Мазкур экспонатлар музейга ташриф буюрувчилар, айниқса, хорижлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ушбу экспонатлар сабаб музейга ташриф буюрувчилар сони ошмоқда. Маълумот ўрнида айтиш мукинки, 2018 йил музейга жами 171 мингдан ортиқ киши келган ва уларнинг 23 мингдан зиёди хорижлик меҳмонлардир. Музейга 18 ёшгача бўлган болалар сешанба ва жума кунлари бепул киришлари мумкин. Ўтган йил музейга жами 70 мингдан ортиқ киши бепул кирган бўлса, уларнинг 60 мингга яқини мазкур имтиёздан фойдаланган ёшлар ҳисобланади.
Изоҳ (0)