Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги университетларни халқаро рейтингга киритиш бўйича QS халқаро рейтинг агентлиги билан битим имзолаган, дея хабар берди Ўзбекистон миллий университети матбуот хизмати.
Келишув доирасида Intelligence Unit QS халқаро рейтинг агентлиги маълумотларидан фойдаланган ҳолда ОТМларга халқаро рейтингга кириш методологиясини ишлаб чиқишда ёрдам беради.
Халқаро рейтингларга кирган университетларнинг илмий салоҳияти Scopus илмий-техникавий маълумотлар аналитик базасидан фойдаланган ҳолда дунёнинг етакчи рейтинг агентликлари томонидан баҳоланади.
Айнан мана шу платформани яратиш мақсадида «Илм-фан-2020» миллий ривожланиш доирасида «Elsevier» компанияси билан келишув имзоланган.
Мазкур компания университет олимлари ўртасида семинар-тренинг ташкил этди. Тренингда компаниянинг минтақавий раҳбари Алия Аспанова тақдимот қилди.
Бугунги кунга келиб Scopus базасида миллий университет олимларининг чоп этилган материаллари сони 1825 тага етди. Университет Илмий Кенгаш қарори билан Scopus’да материали эълон қилинган ҳар бир олимга бир миллиондан уч миллионгача моддий раҳбатлантириш тизими йўлга қўйилди.
Бундан кўзланган мақсад ўзбекистонлик олимларни янада фаол бўлишга, ўз устиларида кўпроқ ишлашларига бўлган хоҳишни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Изоҳ (0)