5 апрель куни Жанубий Корея ҳукумати мамлакат шимоли-шарқий қирғоғида жойлашган бешта шаҳар ва туманда юз берган ёнғин сабабли мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий қилингани ҳақида эълон қилган, дея хабар беради «Вести.ru».
Ички ишлар ва хавфсизлик вазирлиги вакилининг қайд этишича, ҳукумат зарар миқдори ўрганилгандан сўнг, оловдан зарарланган ҳудудларни махсус офат ҳудудлари деб белгилаш ёки белгиламаслик тўғрисида қарор қабул қилади.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин Косон шаҳрида (Канвондо провинцияси, Сеулдан тахминан 160 километр узоқликда) йўлнинг ён томонида бошланган. Кучли шамол туфайли ёнғин жуда тез Каннин, Сокчо ва Тонхе қўшни туманларига тарқалган.
Ёнғин билан курашиш учун бутун мамлакат бўйлаб 870 дан ортиқ ёнғин ва 13 мингга яқин қутқарув хизмати ходимлари юборилган. Қутқарувчилар пайшанба оқшомидан бошлаб эвакуация қилиш ва ёнғинни ушлаб қолиш учун ҳаракат қилмоқда.
Ёнғин оқибатида бир киши ҳалок бўлган, камида 11 киши тан жароҳати олган. Ярадорларнинг сони ортиши кутилмоқда. 4000 маҳаллий аҳоли эвакуация қилинган. Ёнғин 385 гектар ўрмон, Каннин, Косон ва Сокчода 300 та уй ва биноларни йўқ қилган.
Автомобиль ва темир йўллари тўсилган, 52 та мактаб, шунингдек, бошқа ижтимоий объектлар ёпилган.
Мутахассисларнинг фикрича, кучли шамол туфайли қурбонлар сони ва зарар миқдори кун давомида ортиб боради.
Изоҳ (0)