4 апрель куни таниқли франциялик актёр Франсуа Шатто Ўзбек давлат драма театри режиссёри Олимжон Салимов ҳамроҳлигида Самарқандга етиб келди, деб Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги расмий веб-сайтида хабар қилди.
Меҳмонларни Самарқанд вилояти мусиқали драма театри директори Камолиддин Қоржовов кутиб олди. Мовий гумбаз остидаги эртаклар шаҳри Самарқанд, франциялик меҳмонни ўзига шунчалик мафтун этганки, у тўғри Регистон майдонига олиб боришларини илтимос қилди. Регистон майдонида Улуғбек мадрасасини кўздан кечираркан Шатто жаноблари «Наҳотки мен шу ерда буюк сиймо образини яратаман. Бу катта масъулият», — деганча ҳаяжонларини яшира олмади. Самарқанд вилояти мусиқали драма театрида тайёргарлик бошлаб юборилди.
Эслатиб ўтамиз жорий йилнинг 11—14 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси ташкил топганлигининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган халқаро тадбирлар ўтказилади. Франциянинг «Комедии Франсез» театри актёри Франсуа Шатто Ўзбек давлат драма театри режиссёри Олимжон Салимов саҳналаштирган «Улуғбек» спектаклида бош қаҳрамон образида саҳнага чиқади.
Изоҳ (0)