2019 йил 4 апрель куни Нукус шаҳрида Ўзбекистонда биринчи ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Севара Нишонова хабар берди.
Мазкур муассаса жисмоний турли нуқсонлари бўлган болаларни ижтимоий-маданий муҳитга жалб этиш, уларни мактабгача таълим ва соғломлаштириш реабилитацияси билан таъминлаш имконини яратиб беради.
У 120-150 нафар имконияти чекланган тарбияланувчиларга мўлжалланган.
Муассасанинг қурилиши ва унинг жиҳозланиши хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг беғараз ёрдами ҳисобидан тўлиқ амалга оширилган.
«Оролбўйи минтақасида болалар саломатлиги масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 7 ёшгача бўлган ногирон болалар сони 2013 йилга нисбатан 17,5 фоизга ошди. Шу муносабат билан республика Президентининг ташаббусига кўра, Нукус шаҳрида Ўзбекистонда биринчи реабилитация-таълим муассасаси ташкил этилди. Коррексион-ривожлантирувчи ишларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш мақсадида биз ушбу мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш ёшини 3 ёшдан 2 ёшгача пасайтирдик», — дейди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.
Майдони 3 447 квадрат метр бўлган 2 қаватли бинода стандарт хоналардан ташқари бассейн, даволаш-жисмоний тарбия зали, 2 та физиотерапия хонаси, 2 та массаж хонаси, сенсор хонаси, майда моторикани ривожлантириш, ижтимоий-маиший мослашиш, мусиқа ва арт-терапия хонаси, ортопед, психолог, педиатр, диетолог, логопед, реабилитолог, психоневролог, методист ва навбатчи шифокор хоналари мавжуд.
Нукус шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси Оролбўйи минтақасининг чекка ҳудудларида яшовчи болалар ушбу муассасада тунда қолиши учун ҳафтасига 5 кун мобайнида тун-у кун ишлайди. Куннинг биринчи ярмида тарбияланувчилар махсус педагогика бўйича малака ошириш курсларини тамомлаган тарбиячилар билан ўқув дастури бўйича шуғулланади, куннинг иккинчи яримда эса штатдаги тиббий ходимлар назорати остида соғломлаштириш-реабилитация муолажаларидан ўтади.